Қирғизистонда Навоий шоҳкўчаси ва ҳайкали очилди

Сақлаш
16:07 / 15.12.2025 12 0

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўчанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА нашри хабар берди.

 

Ушбу маросимда қатнашиш учун Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида Андижон вилояти ҳокимияти, Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети вакиллари ҳамда мамлакатимиз элчиси Саидикром Ниёзхўжаев Ўш шаҳрига ташрифи буюрди.

 

Ўзбекистонлик меҳмонларни қирғиз–ўзбек давлат чегарасидаги «Достук» пунктида Қирғизистон маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Аскарали Мадаминов, Президентнинг Ўш вилоятидаги ваколатли вакилининг 1-ўринбосари Иляз Ташбаев, Ўш шаҳар мери Женишбек Токторбаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

 

 

Тадбир Алишер Навоий ҳайкалини очиш ва унинг пойига гулчамбарлар қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар эътиборига ўзбек ва қирғиз санъаткорлари томонидан тайёрланган, Алишер Навоий ижодини акс эттирувчи саҳна кўринишлари ва унинг ғазалларига басталанган қўшиқлардан иборат концерт дастури тақдим этилди.

 

Ўш вилояти раҳбари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик алоқалари ва стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Алишер Навоий ҳайкали очилиш маросимида иштирок этиш учун Ўш шаҳрига Ўзбекистондан нуфузли делегация ташрифи икки мамлакат халқларининг тарихий ва маданий биродарлик алоқалари ва чуқур ҳурмат белгиси эканини урғулади.

 

 

Шаҳар мери Ўш шаҳрида Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи 1968 йилда барпо этилгани ва буюк ўзбек шоирининг шаҳардаги биринчи ҳайкали ҳам шу йил ўрнатилганини ҳамда 1991 йилда боғ атрофидаги кўчага унинг номи берилганини маълум қилди. Ушбу кўча шу кунгача унинг номи билан атаб келинган.

 

Женишбек Токторбаевнинг таъкидлашича, 2025 йилда Ўш вилоятига Ўзбекистондан 1,3 миллион нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган ва ушбу рақам халқларимиз ўртасида биродарлик ва дўстлик алоқаларининг тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

 

Тадбирдан кейинги учрашувда Ўзбекистон Президентининг ўзбек ва қирғиз халқлари орасидаги азалий дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Ўш шаҳри мери Женишбек Токторбаевни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Ушбу мукофотни Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков тантанали равишда топширди.

 

 

Мер Женишбек Токторбаев камтарона фаолиятига берилган юксак баҳо учун Ўзбекистон Президенти ва ўзбек халқига ўзининг чуқур ҳурматини изҳор этиб, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги тарихий биродарлик алоқаларини ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлида бор кучини сарфлашини таъкидлади.

 

Тадбир давомида элчи Саидикром Ниёзхўжаев «Дестинация Ўш» туризм корхоналари жамоат бирлашмаси раиси Абдуқодир Алиевга «Ўзбекистон туризм брендининг Қирғизистондаги элчиси» сертификатини тантанали равишда топширди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//