Эндиликда 1003 қисқа рақами орқали оилавий шифокорга масофадан туриб мурожаат қилган ҳолда электрон рецепт олиш мумкин бўлади

Сақлаш
10:41 / 15.12.2025 15 0

ССВда «Электрон рецепт» тизимини жорий этиш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

 

Тизимни жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартибини белгилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди.

 

Унга кўра:

 

1) Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов туман (шаҳар)лари ҳудудида «Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич жорий этилиб, шифокор томонидан дори воситаларининг халқаро патентланмаган номланиши бўйича электрон рецептлар расмийлаштирилади ва электрон тизимга киритилади;

 

2) зарур техник имкониятлар мавжуд бўлганда, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари ДМEД ахборот тизимига бепул уланади ҳамда уларнинг ахборот тизимлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рақамли платформасига интеграция қилинади;

 

3) «Электрон рецепт» тизими асосида бериладиган дори воситаларининг рўйхати босқичма-босқич шакллантирилиб, бунда алоҳида рўйхатлар ижтимоий хавф ва соҳада юзага келадиган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир босқичда Экспертлар кенгаши томонидан тайёрланади ҳамда тасдиқланади;

 

4) тизимли таъсирга эга антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар ҳамда гормонал дори воситалари учун электрон рецепт мажбурий бўлишини назарда тутувчи биринчи босқич белгиланади;

 

5) шифокорнинг электрон рецептларни ёзиш бўйича ваколатлари, шу жумладан муайян тиббиёт ташкилотида мавжуд бўлмаган дори воситаларини тайинлаш ва кейинчалик дорихоналар фармацевтлари томонидан ушбу маълумотни тизимга киритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади;

 

6) дорихоналарда рецептли дори воситаларини электрон рецепт асосида бериш (шу жумладан, беморнинг ЖШШИРи орқали) тартиби белгиланади, қолаверса, тизим тўлиқ жорий этилгунга қадар ва фавқулодда вазиятларда истисно тариқасида қоғоз кўринишидаги рецептларни расмийлаштириш имконияти сақлаб қолинади;

 

7) бемор ёки унинг вакилида электрон рецепт бўлмаган тақдирда, дорихона фармацевтига шахсни тасдиқловчи ҳужжат (қоғоз ёки электрон шаклда) асосида ЖШШИРни киритиб, тизим орқали электрон рецепт билан танишиш ва рецепт бўйича дори воситасини бериш ҳуқуқини тақдим этувчи механизм белгиланади;

 

8) юртимиз ва чет эл фуқароларининг тиббий ёрдам ва дори воситаларини олиш (шу жумладан шошилинч ҳолатларда) ҳуқуқлари таъминланади, шунингдек, тизимни жорий этиш босқичлари ва дори воситалари рўйхатлари тўғрисида аҳоли расмий манбалар орқали хабардор қилиб борилади;

 

9) доимий тушунтириш ишлари ва қайта алоқа тизими, шу жумладан кеча-кундуз ишлайдиган 1003 «алл-марказ»и фаолияти йўлга қўйилиб, у орқали:

 

– ётоқ режимидаги ва сурункали касалликларга чалинган беморларнинг ўз оилавий шифокорига мурожаат қилиши;

 

– оилавий шифокорга (тегишли ҳолларда тор соҳа мутахассисларига) масофадан туриб мурожаат қилган ҳолда электрон рецепт олиши;

 

– кўрсатмалар мавжуд бўлганда, патронаж хизматининг ташкил этилиши ва зарур тиббий хизматлар уйда кўрсатилиши таъминланади;

 

10) даволовчи шифокорнинг қарорига кўра, сурункали касалликларга чалинган беморларга:

 

– 60 кунгача даволаниш даврида – Халқаро касалликлар таснифига мувофиқ кодланадиган, сурункали касалликларни даволашда тайинланадиган, шунингдек, анаболик фаоллиги билан ажралиб турадиган дори воситалари учун;

 

– 90 кунгача даволаниш даврида — бошқа тайёр дори воситалари учун (реимбурсация доирасида — 30 кунгача) рецептлар ёзишнинг алоҳида тартиби белгиланади.

 

Ушбу ҳолларда электрон рецепт ва тегишли ҚР-коднинг амал қилиш муддати белгиланган даволаш курси даврига мувофиқ узайтирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//