АҚШнинг Браун университетидаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди

Сақлаш
10:08 / 15.12.2025 15 0

13 декабрь куни АҚШнинг Браун университетида содир бўлган отишма натижасида 2 талаба ҳалок бўлди. Ташқи ишлар вазирлиги уларнинг бири ўзбекистонлик Муҳаммадазиз Умурзоқов эканини тасдиқлади.

 

13 декабрь куни АҚШнинг Род-Айленд штати Провиденс шаҳридаги Браун университетида отишма содир бўлди. Қуролланган шахс ўқув кампусидаги талабаларга қарата ўқ узди. 2 киши ҳалок бўлди, 8 талаба эса жароҳатланди.

 

Содир бўлган отишма оқибатида ҳалок бўлган талабалардан бири ўзбекистонлик Муҳаммадазиз Умурзоқов эди. Бу ҳақда биринчи бўлиб унинг оила аъзолари ГоФундМе сайтидаги мурожаатида хабар берди. Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби унинг вафотини тасдиқлади.

 

«У ниҳоятда меҳрибон, хушчақчақ ва ақлли эди. Нейрохирург бўлиш ва одамларга ёрдам бериш катта орзуси эди. У ҳар жиҳатдан оиламизнинг энг ёрқин намунаси бўлиб қолмоқда. У ҳар доим эҳтиёжи бўлган ҳар бир кишига ҳеч иккиланмасдан ёрдам қўлини чўзарди ва оиламиздаги энг оқкўнгил инсон эди. Оиламиз бу йўқотишдан чуқур изтиробда», — дея GoFundMe’да хабар қолдирган Умурзоқов қариндоши.

 

GoFundMe – одамларга байрамлар ва битириш маросимлари каби ҳаётий воқеалардан тортиб, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар каби қийин вазиятларгача бўлган турли хил тадбирлар учун маблағ йиғиш имконини берувчи Америка онлайн хайрия платформасидир.

 

Ҳозирга қадар GoFundMe’нинг 3 мингдан ортиқ фойдаланувчиси оилани қўллаб-қувватлаш учун қарийб 135 минг доллар хайрия қилган.

 

«Унинг ҳалок бўлгани муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Мазкур фожиа оқибатида бегуноҳ инсонларнинг ҳаётдан кўз юмгани барчамиз учун оғир йўқотишдир», дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

 

Ўзбекистон АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бормоқда, дея қўшимча қилди ТИВ.

 

Америка-Ўзбекистон ассоциацияси ҳам Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг оила аъзоларига фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Маълумотларга кўра, у АҚШда катта бўлган ва Виржиния штатининг Мидлотиан шаҳридаги мактабни тамомлаган.

 

 

Отишма бўйича қўлга олинган шахс айби исботланмагани учун қўйиб юборилди. Ҳозирда АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирув ишларини давом эттирмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//