Эндиликда ҳоким ёрдамчилари имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари билан шуғулланади

Сақлаш
17:50 / 15.01.2022 913 0

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

 

Йиғилишда давлат раҳбари фаол ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллабай ишлаш бошлангани натижасида, 2021 йилда ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсганини қайд этган. Шунингдек, ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлаган, ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етган.

 

«2022 йилни Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили деб эълон қилдик. Шу боис бу йил барча маҳаллаларда туб ўзгаришлар йили бўлиши керак», — деди президент.

 

Шунингдек, янги йилдан 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлаб, уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилгани қайд этилди.

 

Маълум қилинишича, эндиликда ҳоким ёрдамчилари, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари билан шуғулланади.

 

Ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилган молиявий имкониятларни етказиши, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозим.

 

Бу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия ажратилади (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 миллиард сўм).

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//