«Ўзбеклар ҳеч қачон таслим бўлишмайди» — Фабио Каннаваро

Сақлаш
08:56 / 13.12.2025 16 0

Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигини қабул қилиб олган италиялик мутахассис Фабио Каннаваро «The Guardian» нашрига интервью берди.

 

Унда мураббий миллий жамоа билан ишлаш ва Тошкентдаги ҳаёт ҳақида сўзлаган.

 

Унинг сўзларига кўра, у Италияда қолишни хоҳлаган, аммо кейин Ўзбекистон терма жамоаси ва Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкони пайдо бўлган. Осиёда бошқа терма жамоалардан келиб тушган таклифларни эса ҳатто кўриб ҳам чиқмаган.

 

Мураббийнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг жуда ёш ва истеъдодли жамоаси бор. U17, U19 ва U23 жамоалари деярли доим Осиёда ғолиб бўлишади. Бу мутахассис учун муҳим жиҳат бўлган.

 

«Ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп. Миллий чемпионатдаги ўйин тезлиги Жаҳон чемпионати даражасидан анча фарқ қилади. Бу фарқни қисқартиришимиз керак. Миллий чемпионат футболчилари учун махсус йиғинлар ўтказамиз. Уларга фақат ўйинларда эмас, машғулотларда ҳам эътибор қиламиз», деган Италия футбол афсонаси.

 

Интервьюда мураббийдан Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлар ҳам сўралган.

 

«Биз Тошкентда яшаймиз. У — тарихий қисми ва янги ҳудудлари бор, ўсиб бораётган халқаро шаҳар. Одамлари яхши ва жуда меҳмондўст. Биз жуда тез мослашдик. Самарқандга ҳам бордик — жуда гўзал жой.

 

Албатта, ҳар ерда бўлгани каби, яхши жиҳатлар ҳам, унчалик эмас жойлари ҳам бор. Энг катта муаммо — ҳаво ифлосланиши. У жуда юқори. Лекин иш шароитларидан мамнунмиз, федерация бизга янги спорт марказини тақдим этди», дея жавоб берган у.

 

Каннаваронинг таъкидлашича, миллий терма жамоанинг ЖЧ-2026'даги асосий мақсади — тажриба тўплаш.

 

«Шундан ярим йил ўтгач, Осиё Кубоги бўлади. У ерда қанчалик юришга қодир эканимизни тушуниб оламиз. Мен аввалги мураббийларнинг меҳнатини инкор қилмоқчи эмасман — чунки айнан улар жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқишди.

 

Мен эса улар эришган натижаларни янада яхшилашга ҳаракат қиламан, футболга бироз Европача маданият киритган ҳолда», деган миллий жамоа бош мураббийи.

 

Италиялик мутахассис Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатиши мумкин бўлган футболчилар ҳақида тўхталар экан, жамоада кўплаб яхши ёш футболчилар борлигини, улар жисмоний жиҳатдан янада кучайиши кераклигини, чунки европаликларга қарши ўйнаш осон бўлмаслигини урғулаган.

 

«Лекин ўзбеклар — бақувват болалар, улар курашади ва ҳеч қачон таслим бўлишмайди. Уларга қарши ўйнаш — бош оғриғи.

 

Бизнинг Уругвайга қарши ўйинда тўққиз нафар футболчимиз турли жароҳатлар билан, яхши ҳолатда бўлмаганига қарамай майдонга тушди. Лекин йигитларимиз жуда бақувват эди ва биз атиги 1:2 ҳисобида ютқаздик», деган у.

 

Мутахассис асосан инглиз тили орқали мулоқот бўлиши ҳақида ҳам гапирган.

 

«Улар мени тушунишади. Таржимоним ҳам бор — замонавий футболда бу муҳим. Ўзбек тилини ўрганаманми? Қийин. Аввал мен ўзимнинг инглиз тилимни яхшилашим керак», деган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//