Жаҳон банки Ўзбекистонга талабалар учун 250 млн доллар кредит ажратади

Сақлаш
12:22 / 12.12.2025 7 0

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 250 млн доллар миқдоридаги кредитни маъқуллади, деб хабар бермоқда банк матбуот хизмати. Ушбу маблағлар олий, техник ва касб-ҳунар таълими тизимида талабаларни молиялаштиришдан тенг фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган ЭдуИмкон дастурини амалга ошириш учун мўлжалланган.

 

Қайд этилишича, келгуси уч йил давомида ушбу дастур талабаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга ва бутун мамлакат бўйлаб 600 минг ёшлар учун таълим кредитларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради. Дастур маблағларининг қарийб 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган талабалар ва хотин-қизларга кредит ажратишга йўналтирилади.

 

ЭдуИмкон дастури 2026−2028-йилларда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан талабаларни молиялаштириш тизимидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун амалга оширилади. Келгуси уч йил давомида дастур кўмагида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган:

 

  • таълим кредитлари тизимида бошқарув ва оператсион жараёнларни модернизатсия қилиш бўйича аниқ “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳада тегишли вазирлик ва идоралар ўртасидаги мувофиқлаштиришни такомиллаштириш.

  • таълим кредитлари учун аризаларни кўриб чиқишни соддалаштириш ва тезлаштириш учун ягона онлайн платформани ишга тушириш, шунингдек, талабаларни молиялаштириш, кредит олувчиларнинг ҳолатини кузатиш ҳамда кредитларни тақсимлаш жараёнида қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган таҳлилий маълумотларни тўплаш жараёнларида самарадорлик ва шаффофликни ошириш.

  • кам таъминланган оилалар ва хотин-қизлар учун таълим кредитлари бериш мезонларини соддалаштириш ва ушбу гуруҳларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ўзгартириш орқали талабаларнинг олий, техник ва касб-ҳунар таълимидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича янги чора-тадбирларни кўриш.

  • таълимнинг меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқлигини ошириш ва таълим кредитлари тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш.

  • кам даромадли ва ўқишни тугатгандан сўнг вақтинчалик ишсизликка дуч келган талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қарз олувчининг даромадига боғлиқ тўловлар билан кредитлаш тизимини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш.

     

2028-йил декабрига қадар олий ўқув юртларининг 600 мингга яқин талабалари, шунингдек, техник ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари талабаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлашнинг модернизатсия қилинган тизими тақдим этадиган имкониятларидан фойдаланишлари кутилмоқда. Уларга таълим кредити Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлайдиган 12 та тижорат банки томонидан ажратилади.

 

190 миллион доллардан ортиқ маблағ ёки ЭдуИмкон дастури маблағларининг қарийб 80 фоизи аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, кам таъминланган оилалардан бўлган ёшлар ва хотин-қизларга таълим кредитлари ажратиш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган таълим йўналишларини, хусусан, СТЕМ мутахассисликларини танлашни рағбатлантиришга йўналтирилади.

 

Шунингдек, ЭдуИмкон дастури қўшимча 30 миллион доллар хусусий капитални жалб қилишга ёрдам беради. Бу талабаларни кредитлаш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради ва давлат буджетига босимни камайтиради.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//