Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқларни тақиқлади

Сақлаш
10:00 / 11.12.2025 24 0

Австралияда 10 декабрдан бошлаб 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга қўйилган дунёдаги биринчи тўлиқ тақиқ кучга кирди, дея хабар берди Reuters ва NBC News.

 

Ўнта энг йирик онлайн платформа, жумладан, TikTok, Snapchat, YouTube, Х, Facebook ва Instagram мавжуд ўсмирлар профилларини ўчириб ташлаши ва янгиларини рўйхатдан ўтказмаслиги керак. Мета (Facebook) 4 декабрдан бошлаб аккаунтларни оммавий равишда ўчиришни бошлаган.

 

Қабул қилинган қонун – Online Safety Amendment (Social Media Minimum Age) Act 2024 – ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш учун минимал ёшни белгилайди. Энди платформалар 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар томонидан аккаунтни рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланишга йўл қўймасликка мажбур бўлади.

 

Бунда контентни тўлиқ блоклаш ҳақида гап кетмаяпти – ўсмирлар оммавий саҳифаларни аккаунт очмасдан ҳам кўриши мумкин. Талабларга риоя қилиш масъулияти фойдаланувчилар ёки уларнинг ота-оналарига эмас, балки платформа эгаларига юклатилади.

 

Австралия расмийларига кўра, янги чорадан мақсад ўсмирларнинг руҳий саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш, алгоритмлар ва онлайн босим таъсирини камайтириш, шунингдек, киберҳужум ва рақамли қарамликнинг олдини олишдир.

 

Ҳукумат ўсмирлар ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этишдан олдин танқидий фикрлаш ва рақамли саводхонликни ривожлантириш учун кўпроқ вақтга эга бўлиши кераклигини таъкидламоқда.

 

Бир қатор экспертлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қонуннинг амалда қанчалик самарали бўлишига шубҳа билдирмоқда. Асосий савол – платформалар қандай қилиб фойдаланувчиларнинг ёшини текшириши ва VPN, сохта аккаунтлар ёки ота-оналар маълумотлари орқали чекловларни четлаб ўтишнинг олдини олиши мумкинлигида.

 

Бундан ташқари, танқидчиларнинг фикрича, тўлиқ тақиқ ўсмирларнинг ўзини ифода этиш ва рақамли жамиятда иштирок этиш ҳуқуқларини чеклаши мумкин.

 

Шунга қарамай, Австралия ҳукумати қонун болалар учун хавфсизроқ рақамли муҳит яратиш йўлида муҳим қадам ва эҳтимол бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишини таъкидламоқда.

 

«Мактаб таътилидан унумли фойдаланинг. Телефонда ўтириб вақт ўтказиш ўрнига янги спорт тури билан шуғулланишни бошланг, янги мусиқа асбобини чалишни ўрганинг ёки аллақачон жавонингизда турган китобни ўқинг», – деган Австралия бош вазири Энтони Албанезе янги қонун кучга кириши муносабати билан йўллаган видеомурожаатида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//