Нақд пулга уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси бекор қилинади

Сақлаш
17:14 / 10.12.2025 4 0

“Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Унга кўра, қуйидагилар 2030-йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди, жумладан:

 

– ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;

 

– савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.

 

Президент фармонига кўра, 2026-йил 1-апрелдан қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:

 

– давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;

 

– электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;

 

– алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;

 

– транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;

 

– қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;

 

– кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10-йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.

 

Қайд этилишича, эндиликда ягона ҚР код орқали электрон тўловларни қабул қилиш мажбурий бўлади. 2026-йил 1-январгача барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона ҚР код жорий қилинади.

 

2026-йил 1-январдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона ҚР код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади.

 

Бунда 2026-йил 1-июлдан:

 

– барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона ҚР кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланади;

 

– ягона ҚР кодлардан фойдаланилмаётгани савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//