Энди пахта ва ғалла йўналишидаги фермерлар рейтинги юритилади

Сақлаш
13:54 / 10.12.2025 4 0

Президент Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан ўтказган мулоқоти давомида келгуси йил учун соҳа олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди.

 

“Яқинда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёда фермерлар ва деҳқонлар билан учрашиб, бўлаётган ўзгаришлар билан танишиб, жуда мамнун бўлдим. Улардаги шижоатни кўриб, кейинги йил пахтада 4,5 миллион, ғаллада 10 миллион тонналик хирмонни бемалол уддалаш мумкинлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим”, деди давлат раҳбари.

 

Айтилишича, маҳаллий янги пахта навларини яратиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Илмий марказларда 56 та маҳаллий навни хорижий навлар билан селекция қилиш асосида пахта уруғчилиги ривожлантирилади. Геномика ва Пахтачилик илмий институтларига фитотрон ва иссиқхона қуриб берилади.

 

Эндиликда пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларнинг алоҳида рейтинги юритилади.

 

Бунда камида 10 йилдан ортиқ ишлаётган, кредит, лизинг ва солиқдан муддати ўтган қарзи бўлмаган фермерларга рейтингига қараб Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан берилаётган имтиёзли кредит ставкалари янада пасайтирилади. Яъни рейтингнинг юқори поғонасида турган фермерларга кредит ставкаси пахта учун 8 фоиз, ғалла учун 10 фоиз қилиб белгиланади.

 

Ушбу тажрибани оммалаштириш учун Мирзачўлда инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилинмоқда. Бутун республикадаги 1 минг нафар фермер ушбу мактабда чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади. Мазкур мактабда ўқиб, сертификат олган фермерларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади.

 

Шу билан бирга, илғор фермерларни устоз сифатида кам ҳосил олаётган фермерларга бириктириб, ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўладиган тизим қилинади. Устоз фермерлар ўз тажрибасини шогирд фермерга ўргатиб, ҳосилни 50 центнердан оширишга кўмаклашса, 5 миллион сўм мукофот олади.

 

Шу боис, Аграр университетнинг 180 нафар талабаси дуал таълим асосида илғор кластер ва фермерларда ишлаб, амалиёт ўтайди. Агрономлик сирларини ўргатган фермер ва кластерга ҳар бир талаба учун 5 миллион сўмдан пул, талабага эса 1,5 миллион сўм стипендия тўланади.

 

Етарли тажриба ва кўникма орттирган ёш агрономлар қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 167 та туманда кафолатланган ишга юборилади. Бу ишларни сифатли ташкил қилиши учун ушбу ёш агрономларга 2 минг доллардан ойлик тўланади. Ана шунда агрономлик ёшлар ўртасида энг жозибадор касблардан бирига айланиши таъкидланди.

 

Яқинда Мексикадаги Жаҳон маккажўхори ва ғаллачилик тадқиқотлар марказидан 100 дан зиёд янги ҳосилдор ғалла нави олиб келинди. Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Жиззахдаги ғаллачилик институтларини модернизация қилишга Жаҳон банки маблағидан 10 миллион доллар берилди.

 

“Бу ҳаммаси эмас! Энди ўз маблағи ҳисобидан ғалла етиштирган фермерларга пахтадаги каби ҳосилининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади”, деди Президент.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//