Китоб ўқиш умрни узайтиради – Тадқиқот

Сақлаш
16:27 / 09.12.2025 8 0

Ел университети мутахассислари қизиқ бир тадқиқот ўтказди.

 

Social Science & Medicine журналида чоп этилган мақолада ёзилишича, тадқиқотда 50 ва ундан катта ёшдаги 3600 нафардан ортиқ респондент қатнашган бўлиб, улар 12 йил давомида кузатилган.

 

Тадқиқотнинг асосий мақсади китоб ўқиш одати инсон умрининг давомийлигига қанчалик таъсир қилишини ўрганиш бўлган.

 

Мутахассислар иштирокчилардан ҳафтасига қанча вақтини китоб мутолаасига сарфлашини сўраган. Йиғилган жавоблар эса саломатлик ҳолати ва умр давомийлиги бўйича олинган маълумотлар билан солиштирилган.

 

Якунда мунтазам китоб ўқиган одамлар ўртасида ўлим кўрсаткичи ўқимаганларга нисбатан тахминан 20 фоизга пастроқ экани аниқланган.

 

Қизиғи, мутолаага кўп вақт эмас, ҳафтасига атиги 3–3.5 соат (кунига ярим соат) сарфлаган респондентларда мана шундай ижобий натижа қайд этилган.

 

Мақолага кўра, тадқиқотчилар газета ёки журнал ўқиш билан бундай натижа деярли қайд этилмаганини таъкидлаган, яъни фойда айнан китоб ўқишда яққолроқ кўринган. Бу китоб мутолааси (кўпроқ фикрлаш, тасаввур қилиш ва диққатни жамлашни талаб қилгани сабабли) мия фаолиятини кучайтириши мумкинлигини кўрсатади. Тушунтирилишича, китоб ўқийдиганлар одатда руҳан фаол бўлиб қолади ва бу қариш жараёнида мияни фаолликда ушлаб туришга ёрдам беради.

 

Албатта, тадқиқот «китоб ўқисанг, албатта узоқ яшайсан» деган аниқ хулосани бермайди. Бироқ бу ўқиш билан узоқ умр кўриш ўртасида боғлиқлик йўқ дегани эмас.

 

Масалан, хулоса натижалари ёш, жинс, соғлик, даромад каби омиллар инобатга олингандан кейин ҳам сақланиб қолган. Ушбу якуний кузатув ҳам китоб ўқиш ҳаёт тарзининг фойдали элементларидан бири эканини исботлайди. Соддароқ айтганда, ўқиш — мияни фикрлашга ундайди, стрессни камайтиради ва дунёқарашни кенгайтиради. Бу эса узоқ умр кўриш эҳтимолини оширувчи омиллар сифатида кўрилади.

 

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, кунига атиги ярим соат китоб мутолааси ҳам узоқ умр кўриш учун катта сармоя бўлиши мумкин. Чунки ушбу одат фақат билим ва дунёқарашни ривожлантириб қолмай, балки организмни соғломроқ, мияни эса фаолроқ ушлаб туришга ёрдам беради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//