Маданият
Томошабиннинг диди, савияси ва талаблари ошиб бораётган бугунги даврда кино дунёсида ижод қилиш осон бўлмаяпти. Ҳар бир соҳада бўлгани каби кинода ҳам аёл ижодкорларга гоҳида оғир келадиган ўринлар борлиги сир эмас. Бугун ўзбек киносида кўзга кўриниб келаётган ёш аёл киноижодкорларнинг бу борадаги фикрлари қандай? Кинода аёл ижодкорларнинг ўрни борми? Шу каби саволлар билан юзландик уларга.
“Қанийди, ўғил бола бўлсам-у, ёқалашиб кетсам”
Маҳлиё Асқаралиева,
режиссёр, актриса:
– Болалигимда ота-онам мени турли тўгаракларга олиб боришарди. Физика, математикадан тортиб рақс машғулотларигача. Лекин ҳеч бирини кўнгилдагидай эплай олмаганман. Аслида кичкиналигимдан киноларга меҳрим бошқача эди. Лекин бу ҳақда уйдагиларга айтишга уялардим...
Мени тўгаракма-тўгарак судраб юришлар жонларига тегдими, ниҳоят, ўзинг истаган касбни танла, дейишди. Ўша пайтда санъат институтига топшираман деганимда, оиламдагиларнинг жим бўлиб қолгани ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Аммо қаршилик қилишмади. Икки ойдан сўнг ўқишга кирганимда ҳам суюнишмади. Бу ғалати кайфият оиламизда биринчи ишимни экранда кўргунларига қадар давом этган. Шундан сўнг энди кинода ижод қилиб кета олишимга ишонишган.
Баъзан шундай пайтлар бўладики, ҳамма нарса бир сенинг бошингга ёғилиб келаётгандек туйилади. Носамимий муносабат, ноҳақликларга чидай олмайман. “Қанийди, ўғил бола бўлсам-у, ёқалашиб кетсам”, дейман шундай пайтлар. Сўнг устозимга телефон қиламан. Гўё бошқа одам ҳақида гапираётгандек муаммони айтаман. Устозим “Қиз бола кино дунёсида кучли бўлишга мажбур”, дейди. Шунда кўз ёшларимни артганча, яна съёмка майдонига қайтаман.
Суратга олиш жараёнларида қийналишим рост. Қиз бола бўлганингиз учун сизни авайлашлари, айтган топшириқларингизни сўзсиз қилишлари мумкин. Лекин кези келганда, қиз бола-ку, нима ҳам келарди қўлидан, дейишлари бор. Фильм съёмкасида бир рассом билан ишлай бошлагандик, иккинчи кундан кейин ҳеч қандай огоҳлантиришсиз йўқолиб қолди. Ўйлаганманки, агар ўғил бола бўлганимда у бу ишини қилмаган, ҳеч йўқ огоҳлантирган бўлар эди. Мана шунақа катта-кичик муаммо(ча)лар учрагани сабаб балки бугун ўзбек киносида аёл режиссёрлар саноқлидир.
Аксарият аёл режиссёрларнинг фильмларида биринчи ўринда туйғулар туришини сезганман. Инсоният ҳақида айтилган рост гаплар ҳар доим қадрли ва қимматли бўлиб келган. Аёл киши эса туйғулар борасида ҳатто кинода ҳам алдай олмайди. Шу боис қанчалик қийин бўлмасин, кино дунёсига аёл режиссёрлар керак.
“Биз эркак ижодкорлар ҳис қилмаган айрим нарсаларни сеза оламиз”
Мафтуна Аллоқулова,
сценарист, режиссёр:
– Бу касбни танлаётганимда оиламдагилар қаршилик қилишмаган, аксинча, хурсанд бўлишган. Аммо кечки съёмкалар, баъзан доимий ўйловда асабий юришларим уларнинг ҳам сабрини анчагина синайди. Ва гоҳида, айни муҳим паллада қўллаб юборишларига тўсқинлик қилади. Мен эса бундай пайт уларга ҳеч нима дея олмай қоламан... Ижоднинг ўзига хос сеҳри бор. Бутун борлиғингизни қамраб олади. Вақт қандай ўтганини сезмай ҳам қоласиз. Агар берилиб кетсангиз, ҳамма нарсани қурбон қилишингизга тўғри келади...
Кўпинча бир хил туш кўраман: доим ёмон сценарий ёзиб қўяман, қўлимда эса ундан бошқа материал бўлмайди, ноилож шу асосда фильм ишлайман... ва қўрққанимдек кўришга арзимайдиган ёмон картина юзага келади. Балки бу ўнгимда менга кўпинча ишончсизлик билан қарашлари таъсиридир. Ҳа, деярли ҳамма – суратга олиш майдончасига келган актёрлар, гоҳида актрисалар ҳам аввалига “Шу қизми муаллиф?!” дейишади иккиланиш билан. Кейинчалик фикрлари ўзгаради, назаримда. Аммо уларнинг ҳайрати менинг қиз бола эканим учунлигини ҳис қилиш бироз аламли...
Хориждаги кинофестивалларга борганимда аёл ижодкорлар кўплигини кузатаман, уларни ҳеч ким айрича қабул қилмайди. Аммо бизда бироз бошқача. “Кўчки” деган сценарийимни ўқиб берганимда эшитувчилар “Сен ўзи кичкинагина бўлсанг, қорли жойларда съёмка қила оласанми?” дея эътироз билдиришган. “Фильм ишлашим учун жисмоний бақувват бўлишим шарт эмас”, деб жавоб бергандим ўшанда. Биз эркак ижодкорлар ҳис қилмаган айрим нарсаларни сеза оламиз. Улардан фарқли равишда дунёни пушти рангларда кўрамиз. Бу ожизлик эмас, бу кино дунёси учун янги об-ҳаво! Шу боис аёл ижодкор, аёл сценарист, аёл режиссёрлар ниҳоятда керак. Бунинг учун эса бизга озроқ ишонч билдиринг, озроқ имконият беринг ва озроқ кенглик қилинг.
“Актриса бўлиш ўзлигингдан кечиш дегани эмас”
Райҳон Асадова,
актриса:
– Илк ролимни қўлга киритиш осон бўлмаган. Кинога жуда қизиққанимдан кўп фильмларда суратга тушиш учун кастингларда иштирок этардим. Бир ролга тасдиқландим. Ўша пайтдаги хурсандчилигимни тасаввур қила олмайсиз. Бироқ режиссёрнинг от минишни биласизми, деган саволи устимга қуйилган муздек сув бўлди гўё. Вақт берилса, ўрганишимни билдирдим. Бир ой муддат қўйилди. Лекин икки ҳафта ўтмай, от миноладиган қиз топилгани боис менга узр айтишди. Ана ўшанда актриса фақат ташқи гўзаллиги устида ишлаши камлик қилишини англаб етгандим...
Кинога аралаша бошлагач, кўпгина тасаввурларим ўзгарди. Масалан, ҳамма ўйлаганидек, киноижодкорлар бадавлат бўлмас экан... Кўряпманки, ҳақиқий санъаткор кинодан пул ишлашни эмас, чинакам асар яратишни ўйлар экан. Фойдани кўзлаяптими, демак, санъатни яхши кўрмайди.
Съёмка майдонида кўп нарса ўрганишга ҳаракат қиламан. Режиссёрлар сиздан ўз устингизда доимий ишлашни талаб этишади. Кадрда хунук кўринишдан эмас, кераксиз кўринишдан қўрқиш керак, дейишади. Чиндан ҳам, шундай. Ахир, ҳар доим маликалар ролини ўйнамайман-ку! Оддий меҳнаткаш аёл образини яратар эканман, тирноқларимни ўстириб, ҳозиргина гўзаллик салонидан чиққан танноздек кўриниш берсам, қаҳрамонимнинг қайғусига ким ҳам ишонарди?!
Кино оламида аёл ижодкор учун бир қадар осон, бир қадар қийин. Масалан, съёмкалар ярим тунга қадар давом этиши мумкин. Истаймизми-йўқми, одамларимиз актрисалар ҳақида турли гап-сўзларга ўрганиб қолган. Ана шуни ўйласам, қалбимга оғриқ беради. Аслида ҳаммаси тамоман бошқача. Ҳар бир режиссёру оператордан тортиб бутун ишчи гуруҳ аёл ижодкорларни авайлашга, кўнглига қарашга интилади. Тўғри, баъзан тортишувлар бўлади. Лекин ўшанда ҳам сизни авайлашаётганини ҳис қилиб турасиз. Осон деганим шу! Актриса бўлиш ўзлигингдан кечиш дегани эмас. Турли бўҳтонларга эса аёлларга хос майин табассум билан жим ва мағрур туриб жавоб бериш керак!
Матн: Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА
Фото: Ғайрат МУМИНОВ
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ