«Ўзгаришлар, аввало, маҳаллаларда сезилиши керак» – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
13:00 / 04.12.2025 4 0

Президент Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Сафарнинг биринчи манзили Сирдарё туманидаги «Ривер Мед Пҳарм» корхонаси бўлди.

 

Мазкур корхона Ўзбекистонда инфузион дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган инфузион эритмаларнинг 20 фоизи айнан ушбу корхонага тўғри келади.

 

Бундай дори воситалари бемор ҳаёти учун энг муҳим тиббий маҳсулотлардан бири саналади. Уларни тайёрлаш оддий таблеткалар ишлаб чиқаришдан анча мураккаб. Чунки бу турдаги эритмалар тўғридан-тўғри қон томирларига юборилади. Демак, улар мутлақ стерил шароитда, юқори аниқлик ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берган ҳолда ишлаб чиқарилиши шарт.

 

Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион доллардан ортиқ бўлиб, ҳозирги кунда корхонада 750 нафар одам доимий иш билан таъминланган. Корхона йилига 135 миллиард сўмлик қийматда 70 турдаги, умумий ҳисобда 114 миллион дона дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотларнинг 20 фоизи экспорт қилинаётгани корхонанинг халқаро рақобатбардошлигини кўрсатади.

 

Давлат раҳбарига корхона маҳсулотлари ва навбатдаги режалари ҳақида маълумот берилди.

 

Президентимиз шу ерда вилоят фаоллари ва нуронийлар билан мулоқот қилди.

 

«Ўзгаришлар, аввало, маҳаллаларда сезилиши керак. Сизлар одамлар билан доимий мулоқотда бўлиб, ёшларга тўғри йўл кўрсатишингиз зарур. Ҳаммамиз уйғоқ ва фаол бўлсак, ҳаракатларимиз, олиб бораётган ислоҳотларимиз албатта натижа беради. Сирдарёга катта режалар билан келганмиз. Сизларни эшитиб, бамаслаҳат бу режаларни амалга оширамиз, – деди Президент.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//