Депутатлар келаётган йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди

Сақлаш
17:24 / 03.12.2025 3 0

Қонунчилик палатаси мажлисида “2026-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи бюджети кўриб чиқилди.

 

Лойиҳада Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 2026-йилда 6,6% га ошиб, аҳоли жон бошига $4686 ни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Ўсиш суръатлари эса, саноатда 6,4%, қишлоқ хўжалигида 4,2%, бозор хизматларида 14,5%, қурилишда 10,2% бўлиши прогноз қилинган. Инфляция даражасининг кўрсаткичи камайиши кутилмоқда.

 

Мажлисда депутатлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кўламини кенгайтириш, сунъий интеллектни ривожлантириш, маҳалла институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни маъқуллади.

 

Муҳокамаларда депутатлар бюджетдан ажратилаётган маблағлардан самарали, оқилона фойдаланиш борасида давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти ва жавобгарлигини таъминлаш мақсадида парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши лозимлигини таъкидлади.

 

Мажлисда қатнашган 125 нафар депутатдан 124 нафари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, яна бир нафари овоз бермади. Тасдиқлаш учун бюджет яна иккита ўқишдан ўтиши ва Сенат томонидан маъқулланиши керак.

 

Мажлисда бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бюджет тақчиллиги ҳақида фикр билдирди.

 

Жамшид Қўчқоров бюджет тақчиллиги номинал кўрсаткичларда ошиб бораётганини тан олди, бироқ унинг реал миқдорини фақат ЙИМга нисбатан баҳолаш мумкинлигини таъкидлади.

 

“Масалан, 2023-йилда бюджет тақчиллиги ЙИМнинг 5% ни ташкил этган. 2026-йилда тақчиллик 59 трлн сўм бўлса, номинал жиҳатдан кўпроқ кўринади, аммо уни ЙИМга нисбатан олаётганимизда реал ҳолат намоён бўлади”, — деди Қўчқоров.

 

Бунда иқтисодиёт яратган қийматнинг қанчаси бюджетга тушаётгани, қанчаси харажат қилинаётгани муҳим ҳисобланади. Қўчқоровга кўра, тақчиллик — даромад ва харажат ўртасидаги фарқ. Унинг ялпи номинал миқдори эса ҳеч нарсани англатмайди.

 

Бош вазир ўринбосари тақчиллик доимий бўлиши керакми, деган саволга жавоб берар экан, тарихга мурожаат қилди. У узоқ йиллар давомида профицит билан ишланган даврлар бўлганини, бироқ бу ижобий ҳолат сифатида баҳоланиши қийинлигини таъкидлади.

 

“Профицит бўлган даврда бу зўр эди, деб айтолмайман. Чунки ўша пайтда бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун ҳеч ким бизга кредит бермасди. Расмий равишда айта оламан. Ислоҳотлар йўқ эди, сўм эркин конвертация қилинмасди, солиқ сиёсати бошқача эди. Охирги саккиз йилда амалга оширилган ислоҳотлар ўша даврда мавжуд бўлмаган. Шунинг учун ҳам бизга тақчилликни қоплаш учун кредит берилмаган”, — деди иқтисодиёт ва молия вазири.

 

“Бюджет тақчиллиги қачон ўз вазифасини бажаряпти, деб айтамиз? Қачонки мамлакатда иқтисодий ўсиш мавжуд бўлса. Агар иқтисодиёт ўсмаётган бўлса, тақчиллик — қўшимча пул чиқариб иқтисодиётни рағбатлантиришга уриниш бўлади”, — дея тушунтирди Қўчқоров.

 

У фискал рағбатлантиришнинг тўғри қўлланиши ҳақида ҳам тўхталди. Жамшид Қўчқоровнинг фикрича, агар мамлакат қарз олиб, уни иқтисодиётга йўналтирса-ю, иқтисодий ўсиш кузатилмаса — бу нотўғри ёндашув ҳисобланади.

 

“Худога шукр, биз ҳар йили юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришяпмиз. Бу йил 7% дан кам бўлмайди, деб ўйлаяпмиз. Халқаро валюта жамғармаси эса Ўзбекистон иқтисодиёти 7,3% га ўсади, деб прогноз бермоқда”, — деди иқтисодиёт ва молия вазири.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//