Рақобат қўмитаси фуқароларни турли савдо найрангларидан огоҳлантирмоқда

Сақлаш
13:08 / 03.12.2025 3 0

Ахборот технологиялари ва турли сотув усуллари жадал ривожланган пайтда истеъмолчилар турли алдов схемаларига тез-тез учраб, моддий ва маънавий зарар кўрмоқда. Рақобат қўмитаси шундай алдовлардан бири ҳақда огоҳликка чақирди.

 

Айтилишича, истеъмолчилардан қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган ахборотларга кўра, “савдо-дилерлик корхонасиданмиз”, дея ўзини таништирган шахслар томонидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, “Сизни табриклаймиз, маҳсулотимиз учун катта миқдорда чегирма ва бонусга эга бўлдингиз, агар бир кун ичида маҳсулотни олиб кетмасангиз, чегирмадан маҳрум бўласиз” каби сўзлар билан одамларни жалб қилаётгани ва маҳсулот хусусиятлари ҳақида бўрттириб таърифлаш орқали уларни сотишга эришаётгани, охир оқибат эса бу маҳсулот айтилганидек ижобий таъсирли эмас ёки сифатсиз ва албатта, қимматга сотилган бўлиб чиқмоқда.

 

Бундай “жозибали” усуллар аҳолига турли тақдимотлар ва тарғибот тадбирлари орқали тақдим этиляпти. Асосий ҳийла харид ёки хизматдан фойдаланиш учун истеъмолчиларга “янги харидорлар олиб келиш” талаби қўйилаётгани таъкидланди.

 

Шу муносабат билан истеъмолчиларга қуйидаги маълумотларни эслатиб ўтилди:

 

– ҳар қандай маҳсулот сотиб олишда ёки бирор хизматдан фойдаланишда сотувчи ва маҳсулот (иш, хизмат) тўғрисида батафсил маълумот мавжудлигини ҳамда уларнинг ишончлилигини текширинг;

– таклиф этилаётган маҳсулот (хизмат) ҳақиқатдан сизга зарурлигига ва уни сотиб олиш молиявий ҳолатингизга таъсир қилмаслигига эътибор қаратинг;

– даволовчи воситаларни сотиб олиш ва истеъмол қилишдан аввал албатта шифокор ва мутахассис билан маслаҳатлашинг;

– шахсга доир маълумотларни, шу жумладан паспорт, ИД-карта, пластик карта маълумотларини, шахсий электрон рақамли имзо, телефон рақам ва унга келган СМС кодни ҳеч кимга, ҳатто яқинларингизга ҳам берманг;

– ҳар қандай шартномаларни имзоламанг ва шубҳали битимларга қўшилманг;

– мобил телефонингизга келган шубҳали ва ишончсиз ҳаволага кирманг;

– турли усулдаги алдов, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилувчи ҳаракатлардан эҳтиёт бўлинг – дейилади қўмита хабарида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//