Жамият
Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи давомида янгидан барпо этилган кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлди.
Ушбу мажмуа аҳолига барча зарур тиббий хизматларни бир жойнинг ўзида кўрсатиш имконини яратиши билан катта аҳамиятга эга. Лойиҳа вилоятда ташкил этилаётган тиббиёт кластерининг дастлабки босқичи ҳисобланади.
Замонавий тиббиётда бундай кластерли ёндашув тезкор диагностика, юқори технологияли даволаш ва шифо истаганлар учун бюрократик жараёнларни камайтиришнинг энг самарали модели сифатида тан олинган.
Марказ замонавий етти қаватли бинода жойлашган бўлиб, кунига 400 нафаргача беморни қабул қилиш қувватига эга. Стационар ўринлари 344 та бўлган марказга умумий қиймати 100 миллиард сўмдан ортиқ замонавий жиҳозлар – МРТ, МСКТ, лаборатория комплекслари ҳамда юқори технологияли жарроҳлик ускуналари ўрнатилган.
Поликлиника, радиология, кардиохирургия, нейрохирургия, офтальмология ва урология каби бўлимларнинг бир мажмуада жойлашгани тиббий хизмат кўрсатишни тезлаштиради, шифокорлар ўртасидаги ҳамкорлик ва беморлар ҳаракатини енгиллаштиради. Айниқса, янги имкониятлар туфайли юқори технологияли операциялар учун навбатларнинг қисқариши лойиҳанинг энг катта ижтимоий самарасидир.
Марказ ишга тушиши натижасида Жиззах аҳолисининг республика шифохоналари ёки қўшни вилоятларга қатнаши 75-80 фоизга камаяди.
Тиббиёт кластерида Қозон федерал университети билан маҳаллий мутахассислар учун малака ошириш, илғор диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш, замонавий тиббий стандартларни ўзлаштириш имкониятини берувчи узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатилади.
Президент ташриф давомида соғлиқни сақлаш масъуллари ва ходимлари билан ҳам мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари тиббиёт кластерлари ва кўп тармоқли клиникалар бошқарувида эскича ёндашувлардан чекиниб, янги механизмларни жорий қилиш, жумладан, тиббиётнинг ҳар бир йўналиши бўйича хориждан халқаро экспертлар ва етакчи менежерларни жалб қилиб, маҳаллий мутахассисларни ўзимизда, бевосита муассасаларда ўқитиш, малакасини ошириш, рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу Жиззах тажрибаси бўлиши кераклиги қайд этилди.
Президент аҳолининг тиббий хизматлардан розилиги масаласига алоҳида тўхталди. Соҳада амалга оширилаётган ҳар қандай ўзгаришда, энг аввало, инсон қадри устувор бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Одамларимизни кўпроқ бино, ундаги шароит эмас, хизматнинг сифати, шифокорнинг билими, малакаси, ҳалоллиги ўйлантиради. Шифохонага келган одам аввало эътибор ва тўғри ташхис, тез ва сифатли даволанишни истайди. Шунинг учун энг катта вазифа – аҳолига чин дилдан хизмат қиладиган, юксак малака ва компетенцияга эга бўлган тиббиёт тизимини яратишдир, – деди давлат раҳбари.
Шу ернинг ўзида Қозон тиббиёт университетининг Жиззах филиали ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбат бўлиб ўтди. Ўқув жараёнида амалий дарсларни кўпайтириш, талабаларни жаҳон тиббиётининг ютуқлари ва илғор тажрибаси билан доимий таништириб бориш муҳим экани таъкидланди.
Илм-фан
Сиёсат
Илм-фан
Сиёсат
77411
Жамият
56521
Жамият
55716
Жамият
50781
Жамият
//
Изоҳ йўқ