Зарарли одатлар зўравонликни келтириб чиқаради – Тадқиқот

Сақлаш
15:40 / 01.12.2025 3 0

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси томонидан тақдим қилинган маълумотда ёзилишича, турмуш ўртоқларнинг зарарли одатлари ва зўравонлиги болаларнинг руҳий саломатлигига жиддий зарар етказади.

 

Ўтказилган сўровномаларга кўра, зўравонликка учраган аёлларнинг кўпчилиги турмуш ўртоқларининг зарарли одатлари борлигини айтган. Таъкидланишича, бундай одатлар шаҳарликлар орасида бироз кўпроқ учрайди.

 

Респондентларнинг қарийб ярми (45 фоизи) турмуш ўртоқлари спиртли ичимлик истеъмол қилишини билдирган. Улардан 45.6 фоизи деярли ҳар куни ичади.

 

Натижалар шуни кўрсатадики, алкоголь истеъмолининг даражаси ва бола тарбияси ўртасида боғлиқлик мавжуд. Жумладан, мунтазам ичадиганларнинг зўравонлик қилиш эҳтимоли юқори, болани парваришлашдаги иштироки эса паст бўлади. Аксинча, алкоголь истеъмоли қанча кам бўлса, зўравонлик қилиш эҳтимоли ҳам камаяди.

 

Бу омилларни ҳисобга олиш оиладаги мураккаб ҳолатларни тушуниш ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган профилактик чораларни ишлаб чиқиш учун муҳим саналади.

 

«Болаларнинг катта қисми уйда зўравонлик ҳолатларига гувоҳ бўлаётгани уларнинг психологик саломатлигига жиддий хавф туғдиради ва келажакда салбий хулқ-атвор шаклланиши мумкинлигини кўрсатади», дейилади маълумотда.

 

Ушбу натижалар ота-оналарни қўллаб-қувватлаш, зарарли одатларнинг олдини олиш ва болаларни оилавий зўравонлик таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли дастурларга эҳтиёж борлигини билдиради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

//