“Сунъий интеллект бўйича Президент танлови” ташкил этилади

Сақлаш
15:44 / 28.11.2025 9 0

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида сунъий интеллект бўйича халқаро форумнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

 

Тадбирдан аввал давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ёшлари томонидан яратилган сунъий интеллект лойиҳалари ва стартаплар тақдимоти билан танишди.

 

“Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида улкан ном қозонган буюк олимлар Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, мантиқ фанлари равнақига муносиб ҳисса қўшиб, ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун асос солишда қатнашган, десак, асло муболаға бўлмайди, – деди Президент.

 

Айтилишича, сунъий интеллект трансформациясини амалга ошириш учун илк қадам сифатида дунёдаги етакчи давлатларнинг энг илғор тажрибаси асосида Миллий стратегия қабул қилиниб, ҳаётга фаол татбиқ этила бошланди. 

 

Бунинг натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулотида рақамли иқтисодиёт улуши икки карра ошди. Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар йўналишида қарийб 2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди. 

 

Шунингдек, куни кеча илк бор инглиз ҳуқуқига асосланган махсус режимда фаолият юритадиган Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди.

 

АТ соҳасида таълим бераётган олий таълим муассасалари қарийб 3 бараварга ошиб, 145 тага, талабалар сони эса 80 минг нафарга етди.

 

Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда 2019 йилда бошланган ташаббус – “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида икки миллиондан ортиқ ёшларимиз билим ва кўникмаларини оширди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали бу борада 100 га яқин ёшларимиз дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. 

 

“Биз ишонамиз: улар эртага юртимизга қайтиб, сунъий интеллектнинг энг сўнгги ютуқларини таълимга, иқтисодиётга, давлат бошқарувига жорий қилишда етакчи кучга айланади”, деди давлат раҳбари.

 

Хусусан, рақамли диагностика тизимлари жорий этилиши натижасида 50 мингдан ортиқ беморга сунъий интеллект ёрдамида аниқ ташхис қўйилди. Бу шифокорларнинг иш юкламасини сезиларли даражада камайтириб, тиббий хизмат кўрсатиш вақтини 5-7 баробар қисқартирди.

 

Хорижий экспертлар кейинги беш йилда сунъий интеллект технологиялари Ўзбекистон иқтисодиётида камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратишини прогноз қиляпти.

 

2030 йилга қадар фақат АТ хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада етишиб чиқадиган миллионлаб ёшлар учун юқори даромадли иш ўринларини яратиш бўйича катта марралар олингани таъкидланди.

 

Юртимизда сунъий интеллект экотизимини барча соҳаларда жорий этиш мақсадида келгуси йил АҚШнинг “Нвидиа” компанияси билан катта супер компьютер кластери ишга туширилади.

 

Эндиликда мактабдан ташқари ҳам сунъий интеллект билан ишлаш кўникмалари ўргатилади. Бунинг учун юртимизнинг барча ҳудудларидаги “Келажак марказлари”да SI мактаб дастури жорий қилинади.

 

Мактаблар ўртасида ҳар йили сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап ғоялари бўйича танлов ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

 

Республикадаги 14 та ҳудуднинг ҳар бирида ғолибликни қўлга киритган мактабда энг замонавий сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади ва ғояларни тижоратлаштириш бўйича илғор компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатилади.

 

Соҳадаги истиқболли ёшларни аниқлаш ва уларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида “Сунъий интеллект бўйича Президент танлови” ташкил этилади.

 

Чекка туманлардан тортиб, республика даражасигача ҳар йили 100 нафар энг иқтидорли ёшлар саралаб олинади. Улар АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Европанинг илғор технологик компанияларига стажировкага юборилади. Кейинги босқичда олийгоҳлар учун ҳам ушбу амалиёт жорий этилади.

 

“Бугун биз Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг узвий давоми сифатида “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига старт берамиз. Бу оддий дастур эмас, балки ёшларимиз учун янги имкониятлар оламидир”, деди давлат раҳбари.

 

Лойиҳа доирасида 2030 йилга қадар 4 миллион 750 минг мактаб ўқувчилари ва талабалар, 150 минг нафар ўқитувчилар ҳамда 100 минг нафар давлат хизматчиларини ўқитиш кўзда тутилган. 

 

Ҳар йили ноябрь ойини “Ёшлар учун сунъий интеллект ойлиги” деб эълон қилиш, унинг доирасида “Ипак йўли сунъий интеллект форуми”ни ўтказиб бориш таклиф қилинди.

 

Маросим якунида Ўзбекистонда “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасига старт берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//