Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси очилишида иштирок этди

Сақлаш
22:52 / 26.11.2025 11 0

Президент Шавкат Мирзиёев 26-ноябрь куни Олимпия шаҳарчасидаги стадионда Президент Олимпиадасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Президент ўз нутқида спортчиларга мурожаат қилиб, бугунги ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

 

Энди энг иқтидорли ёшларни селексия қилиш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим – Президент Олимпиадаси ўйинлари бошланмоқда.

 

Мусобақанинг туман ва вилоят босқичларида умумтаълим мактабларидаги спорт тўгараклари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан ортиқ ёшларимиз иштирок этди.

 

Энг юқори натижага эришган 3 мингдан зиёд ўғил-қизлар Президент Олимпиадасига келди. Улар спортнинг 10 та йўналиши бўйича ўзаро беллашувларни бошлади.

 

Ғолиблар махсус совринлар ва пул мукофотлари билан тақдирланади, энг муҳими — улар миллий терма жамоаларга тўғридан тўғри йўналтирилади. Келгусида спортчилар Олимпия ва Паралимпия марказларига қабул қилиниб, стипендия билан қўллаб-қувватланади.

 

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Президент Олимпиадаси ҳар йили ўтказилиб, янги иқтидорларни аниқлашнинг самарали селексия тизимига айланади. Келгуси йилдан бошлаб сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва турли жамоавий ўйинлар қўшилиб, мусобақалар сони 20 та йўналишга етказилади.

 

“Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратяпмиз. Сўнгги саккиз йилда буджетдан спортга берилаётган йиллик маблағ 250 миллиард сўмдан 3 триллион сўмга ошди; тренерларнинг ўртача маоши 7 баробар кўпайди; 250 дан зиёд йирик спорт обектлари янгидан қурилди, 100 га яқин обект реконструксия қилинди; маҳаллаларда, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда 2 мингга яқин спорт майдончалари барпо этилди, уларнинг сонини ҳар йили 500 тага ошириб боряпмиз; 14 та олимпия ва паралимпия марказлари тўлиқ замонавий инфратузилма билан таъминланди.

 

Бу ишларимиз юртимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиши ва спорти юксак даражада ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши учун мустаҳкам замин яратмоқда. Жумладан, Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мард ва баҳодир спортчиларимиз чинакам жасорат кўрсатиб, 13-ўринни эгаллаганликлари ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.

 

Ана шундай зафарли юришнинг давоми сифатида жорий йилда ёшларимиз Жаҳон универсиадасида 13-ўринни, Баҳрайнда ўтказилган Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақаларида фахрли 2-ўринни эгаллади.

 

Айниқса, ўғил-қизларимиз жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинларида 50 дан ортиқ рекорд натижаларга эришгани юртимизнинг халқаро Олимпия ҳаракатидаги ўрни ва нуфузини яққол кўрсатиб турибди”, деди Президент.

 

Бугунги кунда дунёда барча соҳалар қатори спорт оламида ҳам кескин кураш ва рақобат кечаётгани таъкидланди. Бу эса нуфузли халқаро спорт мусобақалари, жумладан, Олимпия ўйинларига тайёргарлик тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

 

Бу ишларни энг қуйи бўғин бўлган маҳалладан бошлаш учун жорий йил беш босқичли оммавий спорт мусобақалари билан 15 миллион аҳоли қамраб олинди. Адаптив спортга берилаётган эътибор туфайли сўнгги уч йилда параспортчилар сони қарийб етти карра ошиб, 70 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахслар оммавий спортга жалб этилди.

 

Соҳани рақамлаштириш ва шаффофлигини ошириш ҳисобига барча 10 минг мактаб ва 9 минг маҳалладаги ўғил-қизлар ўз салоҳиятини намоён қилиш имконига эга бўлди.

 

Энди энг иқтидорли ёшларни селексия қилиш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим – Президент Олимпиадаси ўйинлари бошланмоқда.

 

Мусобақанинг туман ва вилоят босқичларида умумтаълим мактабларидаги спорт тўгараклари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан ортиқ ёшларимиз иштирок этди.

 

Энг юқори натижага эришган 3 мингдан зиёд ўғил-қизлар Президент Олимпиадасига келди. Улар спортнинг 10 та йўналиши бўйича ўзаро беллашувларни бошлади.

 

Ғолиблар махсус совринлар ва пул мукофотлари билан тақдирланади. Энг асосийси, улар терма жамоаларга тўғридан-тўғри йўналтирилади.

 

Аъло даражадаги тайёргарликни давом эттириш учун улар Олимпия ва Паралимпия марказларига қабул қилинади ва ҳар бирига стипендия берилади.

 

Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар йили ўтказиладиган Президент Олимпиадаси янги иқтидорларни кашф қилиб, самарали селексия тизимига айланади.

 

Келгуси йилдан бошлаб, сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий ўйинлар бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиб, Президент Олимпиадасидаги спорт турлари 20 тага етказилади.

 

2026-йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027-йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати ҳамда 2029-йилда Ёшлар Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилади.

 

– Бундай йирик мусобақалар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун катта байрам, катта маҳорат мактаби бўлади, мамлакатимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик диёри сифатида халқаро обрў-эътиборини янада оширади. Президент Олимпиадаси тизими эса ҳеч шубҳасиз, бундай мусобақаларга жавоҳир спортчиларни танлаб олишга, хусусан, 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинлари учун ҳар бир ҳудуддан лицензиялар сонини кўпайтиришга хизмат қилади, – деди Президент.

 

Давлатимиз раҳбари хушхабарни эълон қилиш учун нутқида танаффус қилди. Шахмат бўйича Жаҳон кубоги финалида гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдаров ғалаба қозонгани ҳақидаги янгилик гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

 

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Олимпиада иштирокчиларига омад ва зафарлар тилади.

 

Стадионга Ўзбекистон байроғи олиб чиқилди ва кўтарилди, мамлакатимиз мадҳияси ижро этилди.

 

Олимпия машъаласи ёқилиб, катта спорт байрами бошланди. Тадбир театрлаштирилган маданий дастур билан давом этди.

 

Маросимдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев шахматчимиз Жавоҳир Синдаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

 

Давлатимиз раҳбари гроссмейстеримизни Ҳиндистонда ўтган шахмат бўйича Жаҳон кубогида эришган ғалабаси билан ўз номидан ва барча юртдошларимиз номидан қизғин табриклаб, ушбу тарихий воқеа бутун халқимизни қувонтирганини таъкидлади. Ёш спортчимизга келгуси йилда Кипрда бўлиб ўтадиган Даъвогарлар турнирида муваффақиятлар тилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//