Тошкентдаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш бошланди

Сақлаш
15:53 / 26.11.2025 6 0

Тошкент шаҳридаги иссиқхоналарни табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузиш бошланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.

 

Ўзбекистон президентининг 24 ноябрдаги “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжалиги объектларини табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузишни ташкил этиш белгиланганди.

 

Ҳужжатда Энергетика вазирлигига бир ҳафта муддатда табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини ташкил этиш ва узлуксиз табиий газ етказиб берилишини таъминлаш топширилганди.

 

Вазирлик шу асосда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан иссиқхона хўжаликлари билан уч томонлама шартномаларни расмийлаштириш жараёнлари олиб борилаётганини билдирди. Хусусан, Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилган Тошкент шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 68 та иссиқхона хўжалигига (173,1 гектар майдонда) белгиланган тартибга кўра, табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган ва табиий газ етказиб берилмоқда.

 

Бундан ташқари, Зангиота туманидаги 34 та ва Қибрай туманидаги 66 та иссиқхона хўжалиги билан “иссиқлик энергиясини етказиб бериш” бўйича шартномалар тузилди. Шунга асосан ушбу иссиқхона хўжаликларига белгиланган миқдорда иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда.

 

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирда табиий газ тармоғига уланган барча иссиқхоналарга “зангори ёнилғи” узлуксиз ва белгиланган меъёрларда етказиб берилмоқда.

 

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқхоналарни газ билан барқарор таъминлаш чоралари кўрилиши белгиланганди.

 

Унда 2025 йил декабригача Тошкент шаҳри ва вилоятида мавжуд иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича зарур ташкилий-техник чора-тадбирлар тўғрисида таклифлар ишлаб чиқилиши топширилганди. Бунда мавжуд иссиқхона хўжаликларининг табиий газга бўлган эҳтиёжи, мавжуд қувватлар ва тармоқларга уланиш имкониятлари таҳлил қилинади. Иссиқхона хўжаликлари жойлашган ҳудудлардаги газ тақсимоти тармоқларининг техник ҳолати ва мавжуд қуввати хатловдан ўтказилади.

 

Энергия тежамкор иситиш технологияларини жорий этиш, шу жумладан, табиий газдан самарали фойдаланиш ва альтернатив манбалар (биогаз, қуёш энергияси) билан уйғунлаштириш имкониятлари ўрганилади. Табиий газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича мавсумий графиклар, лимит ва тариф механизмлари такомиллаштирилади. Иссиқхона хўжаликлари фаолиятида узилишларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//