Фарғонада экоинспекторга куч ишлатган Бувайда тумани ҳоким ўринбосари ишдан олинди

Сақлаш
18:05 / 25.11.2025 8 0

Фарғонада экоинспекторига куч ишлатган Бувайда тумани ҳоким ўринбосари ишдан олинди. Ҳабикатура ҳолатга тегишли карикатура тайёрлади.

 

 

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Бувайда туманидаги қишлоқлардан бирида зовур атрофида дарахтларнинг ноқонуний кесилгани, жараён вақтида туман ҳокими ўринбосари томонидан Экология қўмитаси инспекторига қаршилик кўрсатилгани акс этган видеотасвирлар тарқалди.

 

Видеода эколоинспектор дарахт кесаётган шахсга қаршилик қилиб, қўлидан аррасини тортиб олишга уринганини, буни кўрган ҳоким ўринбосари эса аҳоли ва ИИБ ходимлари кўз ўнгида инспекторга жисмоний куч ишлатиб, уни четга олиб кетганини кўриш мумкин.

 

Мазкур ҳолат юзасидан мутасаддилар томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Фарғона вилояти прокуратураси, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Бувайда туман бўлими давлат инспекторлари ҳамда ИИБ 2-минтақавий ҳудуд патруль-пост хизмати ходимлари томонидан ҳам шу куннинг ўзида назорат рейд тадбирлари ўтказилди. Рейд давомида Бувайда тумани Найман МФЙ ҳудудидаги зовур муҳофаза майдонида ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланган. Ўрганиш жараёнида Бувайда тумани Маслахат МФЙ Чиркай қишлоғида яшовчи фуқаро С.З. томонидан жами 26 туп кам қимматли дарахт қонунга хилоф равишда кесилгани аниқланди.

 

Юқоридаги ҳолат бўйича фуқаро С.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 25 баробари миқдорида — 10 300 000 сўм жарима ҳамда 45 891 600 сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланди.

 

Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Саиджон Хизиров устидан эса хизмат текшируви тайинланиб, лавозимидан озод этилди. Ҳозирда ҳоким ўринбосари С. Хизировнинг ҳаракатларига доир дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//