Туризм тадбиркорлари импорт қилувчи автобус ва микроавтобуслар 2027 йилгача божхона тўловидан озод этилади

Сақлаш
17:42 / 20.11.2025 9 0

Ўзбекистонда туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этиш 2027 йилгача узайтирилади. Бу президентнинг 20 ноябрь куни имзоланган туризм соҳасини ривожлантириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

 

Қарорга кўра, туризм соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги тартиблар ўрнатилади.

 

Хусусан, 2027 йил 1 январга қадар:

 

туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади (аввалроқ бу муддат 2025 йил 1 августгача этиб белгиланганди);

 

Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади;

 

туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларнинг сонидан қатъи назар, уларга битта сертификат беришга рухсат этилади.

 

2026 йил 1 февралдан бошлаб чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.

 

2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади;

меҳмонхоналарнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб халқаро конференциялар ва тадбирларни (МИCЭ туризм) ташкил қилиб, унга камида 100 нафар чет эллик туристни жалб қилган тадбиркорлик субъектларига ушбу тадбирларни ташкил қилишда улар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади.

 

2030 йил 1 январга қадар «Бранд Финанcэ» компаниясининг топ-50 талик рейтингига кирувчи брендни жалб қилган ҳолда бренд билан дастлабки келишувларга эга меҳмонхона қурилишини бошлаган тадбиркорлик субъектлари меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлашда мазкур бренднинг талабига мувофиқ олиб келадиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, мебель ва инвентарлар учун божхона божини тўлашдан озод этилади.

 

Шунингдек, Туризм қўмитаси республика ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтаришни (Ребате) мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади. Унга кўра:

харажат 3 миллиард сўмгача бўлса – 10 фоиз;

3 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача бўлса – 15 фоиз;

5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлса – 20 фоиз;

10 миллиард сўмдан ортиқ бўлса – 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 4 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда Давлат буджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

 

2026 йил 1 мартдан бошлаб нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан музокаралар ўтказган ҳолда жамғарма маблағлари ҳисобидан фильмларнинг бевосита ёки билвосита Ўзбекистон туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик (шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида, ўз павилонларида ёки компьютер графикаси ёрдамида) учун ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//