Президент бошчилигидаги селекторда айрим туман ҳокимлари ва ўринбосарларини ишдан олинди. Яна 20 та ҳокимга чора кўрилади

Сақлаш
17:52 / 19.11.2025 3 0

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

 

Йиғилишда Денов тумани ва Чироқчи тумани ҳокимлари ишдан олинди, бош вазирга бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани 20 та туман ҳокимларига чора кўриш топширилди.

 

Давлат раҳбари Узун туманини намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этди. 51 та маҳалласи бўлган туманга жорий йил камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилганини таъкидлади.

 

Туманга 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келинди, 47 та корхона ишга туширилди, 300 та сервис объектида 1 минг нафар одам ишли бўлди, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйилди, 2 мингдан зиёд микролойиҳада 4 минг 200 нафар одам даромадли бўлди.

 

Шуларнинг ҳисобига Узун туманида йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайди.

 

Шу билан бирга, Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани кўрсатиб ўтилди. Камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган.

 

Чироқчи туманига жорий йил маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Лекин туман ҳокимлиги шунча ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.

 

Шу боис, Денов тумани ҳокими И.Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш.Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Ф.Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З.Эргашев ишдан олиниши белгиланди.

 

Айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.

 

Бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та – Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ, Когон туманлари ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширилди.

 

Маҳаллаларга яхши лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш учун банкирлар бириктирилган. Лекин айрим туман банкирлари давлатнинг арзон ресурсини самарасиз лойиҳаларга бериб юбораётгани танқид қилинди.

 

Мутасаддиларга маҳаллаларга тушиб, лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, соҳада назорат ва интизомни кучайтириш топширилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//