Жамият
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳақида президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони қабул қилинди. Унга кўра вазирлик ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади. Вазирликнинг ўзи Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади.
Таъкидланишича, Экология қўмитаси қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини Экология қўмитаси ҳузурида давом эттиради.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг асосий вазифаларидан ташқари, Экология қўмитаси қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади:
– чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд” умуммиллий лойиҳаси;
– атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси;
– 2028-йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси;
– аҳоли орасида эко-одатларни шакллантириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси;
– биохилма-хилликни келажак авлод асрашга қаратилган “Био мерос” умуммиллий лойиҳаси.
Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилган ҳолда экология соҳасидаги “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади.
2026-йил 1-апрелдан бошлаб 2-иловага мувофиқ экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади, бунда:
– молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади;
– бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди;
– ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш олиш ҳамда жаримани тўлаш экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсни Экология қўмитасининг қарорини (тақдимномасини, кўрсатмасини) бажариш ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятидан озод этмайди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади.
Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади. Экополиция бошлиғининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида Экология қўмитаси раиси ўринбосари ҳисобланади ва Экополициянинг тезкор штабига раҳбарлик қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ажратилган 40 та штат бирлиги Экополицияга ўтказилади.
Экология қўмитасининг жорий фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси раҳбарлик қилади.
Экология қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда Президент маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади.
Экополиция ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни (электрошок қурилмаларини) ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилади ҳамда уларнинг махсус кийимига боди камералар ўрнатилади.
Сиёсат
Жамият
Жамият
Сиёсат
Спорт
Спорт
77382
Жамият
56504
Жамият
55702
Жамият
50753
Жамият
//
Изоҳ йўқ