Яхшиликни қарсак кутиб эмас, инсонийлик учун қиладиганлар – «Инсон фахри» миллий мукофоти эгаларига топширилди

Сақлаш
12:44 / 19.11.2025 7 0

18 ноябрь куни Халқаро форумлар саройида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ташкил этилган «Инсон фахри» миллий мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

Ушбу мукофот меҳр-шафқат, жасорат ва фидойиликни ўз ҳаётида намоён этган инсонларга миннатдорлик тимсоли бўлиб, у энг оғир паллада ҳам бошқаларга қўл узатган, зулматда нур бўлган, бир инсоннинг тақдирини ўзгартириш орқали бутун жамиятга куч бағишлаган қаҳрамонларга аталган эҳтиром рамзи саналади. Тадбирнинг асосий мақсади эса жамиятда инсоний қадриятларни улуғлаш, турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб, бошқаларга ўрнак бўлаётган инсонларнинг меҳнатини кенг жамоатчиликка етказиш ва уларни давлат томонидан муносиб рағбатлантиришдир.

 

 

Қайд этилишича, бу қаҳрамонлар бир йил давомида мамлакат бўйлаб изланган. Натижада, юракга таъсир қиладиган, илҳом бағишлайдиган ва оддий инсонийликнинг нақадар муҳим эканини эслатиб турувчи ҳикояси бор инсонлар кашф этилган.

 

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева энг оғир вақтда энг яхши инсоний фазилатларни намоён этган ва ўз намунаси билан Ўзбекистоннинг ҳақиқий фахри эканини кўрсатган инсонларни эътироф этувчи бу мукофотнинг пайдо бўлишини кўпдан бери орзу қилганини айтади.

 

«Бугунги кеча — яхшиликни қарсак учун эмас, балки бу уларнинг ички танлови бўлгани учун қиладиган инсонлар ҳақида», дейди Мирзиёева тадбир ҳақида.

 

Ҳеч ким кўрмаган жойда ҳам яхшилик қилган инсонларга халқнинг самимий «раҳмати» сифатида таъсис этилган ушбу мукофот эгалари – турли ҳудудларда меҳнат қилаётган, бир қарашда оддий кўринган, аммо жамият равнақига беқиёс ҳисса қўшаётган қаҳрамонлар бўлди.

 

 

Танлов доирасида мутасаддилар томонидан бир йил давомида мамлакат бўйлаб инсонпарварлик, жасорат, фидойилик ва эзгуликни ўзида мужассам этган юзлаб таъсирли ҳикоялар тўпланди. Улар орасида ўз фаолияти билан атрофдагиларга илҳом бераётган, жамиятдаги мураккаб муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшаётган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериб келаётган фидойи инсонлар бор.

 

 

Давр қаҳрамонлари 11 та номинация боʼйича «Инсон фахри» миллий мукофоти статуэткаси, дипломи ва пул мукофоти билан давлат арбоблари томонидан тақдирланди.

 

 

Танлов номинациялари ва тақдирланганлар ҳақида

 

«Йил шифокори» номинацияси бўйича ғолиб — Бобур Тураев болалар кардиохирургияси соҳасида мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётларини бажариб, 6 ёшли болада ноёб юрак операцияси ўтказган.

 

«Меҳр йўли» номинацияси бўйича ғолиб — Бибисора Арипова зўравонликдан жабр кўрган аёллар учун «Раҳмдиллик» бошпанасини ташкил этиб, юзлаб аёлларга ҳаётга қайта ишонч ҳиссини бергани учун тақдирланди.

 

«Бетакрор рекорд» номинацияси бўйича ғолиб — Шахина Йигиталиева 15 ёшида халқаро аренада рекордлар ўрнатиб, ёшлар учун матонат намунасига айланган.

 

«Жамият билан бир йўлда» номинацияси бўйича ғолиб — Феруза Мадалиева «Тараққиёт» жамоаси билан узоқ ҳудудларга тоза ичимлик суви етказиб, минглаб оилалар ҳаётини яхшилагани учун тақдирланди.

 

«Ўлмас жасорат намунаси» номинацияси бўйича мукофот чўкаётган болаларни қутқариш учун сувга сакраб, ўз ҳаётини фидо қилгани учун Абдуманноп Самиковнинг ўғли Саидакбар Самиковга топширилди.

 

«Шахсий ютуқ» номинацияси бўйича Моҳира Болтаева ғолиб деб топилиди. У Халқаро кимё олимпиадасида кумуш медални қўлга киритиб, шогирдларини юқори натижаларга етаклаган.

 

«Фидойилик рамзи» номинацияси бўйича мукофот ногиронлиги бўлган болалар ва катталарни қўллаб-қувватлашдаги фидойилиги, меҳр-муҳаббати ва масъулияти учун «Имкон» марказига топширилди.

 

«Чегарасиз яхшилик» номинацияси бўйича ғолиб Насим Комилов муқим яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларга уй қуриб бериб, имконияти чекланган беморлар учун бепул шифохона ташкил этган.

 

«Ноёб истеъдод» номинацияси ғолиби — «ТECНАС» ИТ жамоаси ВР технологиялари асосида Синов виртуал лабораториясини яратиб, таълим жараёнига инновацион ечим таклиф қилгани учун тақдирланди.

 

«Бирлик қудрати» номинацияси ғолиби — «28 илгак» клуби деб топилди. Улар муддатидан олдин туғилган чақалоқлар учун иссиқ кийимлар тўқиб, бирлашув ва меҳр тимсолига айланган.

 

«Умр иши» номинацияси ғолиби — Холбека Бобокулова Қашқадарёнинг тоғли қишлоғида беморларга йиллар давомида эшакда қатнаб хизмат қилгани учун тақдирланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//