“Бу якун – бир эшикнинг ёпилиши эмас” – Исломбек Исмоилов Ўзбекистон U17 билан хайрлашганини эълон қилди

Сақлаш
09:47 / 19.11.2025 10 0

Куни кеча Ўзбекистон U17 терма жамоасининг Қатарда ўтказилаётган жаҳон чемпионатидаги Италияга қарши ўйини 2:3 ҳисобда якунланди. Шундан сўнг мураббий ўз мухлисларига мурожаат қилди.

 

“Ҳурматли мухлислар, футбол ихлосмандлари, ота-оналар, мураббийлар ва Ўзбекистон футболи учун куйиб-ёнадиган азиз юртдошлар!

 

Бугун биз Жаҳон чемпионатидаги иштирокимизни якунладик. Шу билан бирга, 3 йил давомида юрагим билан хизмат қилган U17 терма жамоамизнинг ҳам фаолияти ниҳоясига етди. Бу йўл мен учун шунчаки иш эмас эди — бу шараф, масъулият ва Аллоҳ берган синов бўлди.

 

Уч йил давомида биз бу жамоа билан машаққатли машғулотлар, қувончли ғалабалар, оғир мағлубиятлар билан ёнма-ён бордик. Яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам бирга эдик. Осиё чемпионлиги — бу авлоднинг матонати ва меҳнати.

 

2025 йилда Осиё чемпиони бўлиш — бу болаларимизнинг жасорати, меҳнати ва интилиши. Бу натижа Ўзбекистон футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилиб бўлди”, деб ёзади мураббий ўз саҳифасида.

 

Мураббий шу билан бирга, жамоа билан хайрлашаётганини ҳам эълон қилди: “Менга ишонган, мен билан бирга ёниб куйган, ҳар бир машғулотда ва ҳар бир мусобақада ёнимда юрган ёрдамчи мураббийларимга, шифокорларга, анализ бўлимига, бутун штабга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Сизлар бўлмаганда бу йўл бу даражада кучли бўлмас эди.

 

Уч йил давомида мен билан ишлаган барча футболчиларимга айтадиган гапим битта: Сизлар менинг фахрим бўлиб қолдингизлар.

 

Майдонда ютдингиз ҳам, ютқаздингиз ҳам — лекин ҳеч қачон таслим бўлмадингиз.

 

Мен сизларга ишонаман. Сизлар ҳали катта футболни забт этасизлар. Сизлар Ўзбекистон футболининг эртанги куни, эртанги юлдузларисиз.

 

Бу якун — бир эшикнинг ёпилиши эмас. Бу янги босқичнинг бошланиши. Бугун менинг йўлим бу жамоа билан тугади. Раҳмат, Ўзбекистон! Раҳмат, менинг укаларим! Раҳмат, барча қўллаб-қувватлаган юртдошлар!” деб якунлади мураббий.

 

Эслатиб ўтамиз, куни кеча бош мураббий Исломбек Исмоилов Ўзбекистон U17 терма жамоаси билан Осиё чемпиони бўлди. Жаҳон чемпионатида эса топ-16 жамоа қаторига киришга эришди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//