Марказий Осиё мамлакатлари биргаликда Made in Central Asia брендини яратади

Сақлаш
15:44 / 14.11.2025 5 0

Марказий Осиёда Made in Central Asia бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини шакллантириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 13-ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатларининг савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишида айтиб ўтилди.

 

Йиғилишда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиэв, Тожикистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Завки Завкизода, Туркманистоннинг савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Агаҳанов, Озарбайжон иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Элнур Алиэв, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов иштирок этди.

 

Қайд этилишича, Марказий Осиё мамлакатларининг савдо ва инвестиция вазирлари ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган комплекс чораларни муҳокама қилди.

 

Йиғилишда товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш бўйича самарали механизмларни яратиш, Made in Central Asia бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини шакллантириш, шунингдек, халқаро молия институтлари ва йирик инвесторларни инфратузилма ҳамда саноат лойиҳаларига жалб этиш масалаларига эътибор қаратилган.

 

Шунингдек, йиғилиш давомида божхона ва чегара тартиб-таомилларини янада оптималлаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштира оладиган саноат ҳабларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Саноат кооперациясини ривожлантириш, хомашё ва технологик имкониятларни биргаликда ўзлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Йиғилиш якунида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, кооперация ва қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, шунингдек, инвестициявий ўзаро ҳамкорликнинг янги механизмларини яратишга оид асосий келишувларни ўз ичига олган қўшма коммюнике имзоланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//