Саида Мирзиёева Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвеститсиялар кенгашига ҳамраислик қилади

Сақлаш
12:07 / 12.11.2025 7 0

1-январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи элчи — Ўзбекистон Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг “Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонида келтирилган.

 

Фармон бўйича Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади.

 

Кенгашга Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Америка томонидан эса АҚШ президенти вакили ҳамраислик қилмоқда.

 

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарига Ўзбекистон томонидан кенгаш таркибини, унинг регламентини ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш ваколати берилади.

 

Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш устувор ҳисобланади:

 

– стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;

– Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб этиш учун махсус инвестиция фондини яратиш, йирик инвесторлар сифатида Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (ДФC)ни ва Ўзбекистон томонидан ҳам инвесторларни белгилаш, шунингдек, муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик молия институтларини (ЕТТБ, ХМК, ОТБ) жалб қилиш;

– тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;

– Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (ИТ-парк) резидентлари бўлган компаниялар маҳсулотлари ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;

– мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захирасининг бир қисмини ва бошқа активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар киритиш.

 

Шунингдек, фармонга кўра, 2026-йил 1-январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи элчи — Ўзбекистон Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилади. Маслаҳатчи элчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш, шунингдек, фаолияти регламентини тасдиқлаш Президент Администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади.

 

Маслаҳатчи элчи ўз фаолиятида Президенти Администрацияси раҳбарига ҳисобдор ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.

 

Маслаҳатчи элчи зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:

 

– Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан-тўғри ташаббус кўрсатиш ва муҳокама қилиш;

– Ўзбекистон томонидан кенгаш ишини комплекс мувофиқлаштириш.

 

Бундан ташқари, 2026-йил 1-январдан бошлаб хорижий корхоналарнинг устав фондини шакллантириш (ёки капиталда иштирок этиш) учун АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича резидентлар операциялари — Ўзбекистондаги банкларда резидентлар ҳисобларидан пул маблағларини ўтказиш, АҚШдаги филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш чекловларсиз, резидентлар ҳисобларидаги маблағлар доирасида амалга оширилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//