Шавкат Мирзиёев АҚШ конгрессменлари билан учрашди

Сақлаш
09:27 / 06.11.2025 5 0

 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонга ташриф доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзолари – Билль Хайзенга, Керол Миллер ва Сидни Камлагер-Давни қабул қилди.

 

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат парламентларининг амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги алоқалар жадал ривожланаётгани, Конгрессда Ўзбекистон бўйича кокус самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.

 

 

Томонлар Вакиллар палатасидаги кокус кўмагида ўтказилаётган «Ўзбекистон кунлари» икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди. Шу билан бирга, олий даражада эришилган келишувларни, аввало савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширишда Конгресс қўллаб-қувватлови муҳим экани таъкидланди.

 

Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Конгресс аъзолари вакиллик қилаётган Ғарбий Виржиния, Мичиган ва Калифорния штатлари билан саноат, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, таълим ҳамда бошқа йўналишларда амалий шериклик лойиҳаларини ишга тушириш масалалари муҳокама этилди.

 

Учрашув якунида АҚШ Конгресси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари раҳбарлари бошчилигидаги ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//