Ўзбекистон ва Финляндия президентлари музокара ўтказди

Сақлаш
19:26 / 31.10.2025 14 0

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб расмий делегатсиялар иштирокида музокара ўтказдилар.

 

Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвеститсиявий ва гуманитар соҳаларда янада мустаҳкамлаш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.

 

Турли даражалардаги сиёсий мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани, бизнесга оид шериклик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

 

“Ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб, иқтисодий ва ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимизда Финляндия билан ҳамкорликда Халқаро Нордик университети муваффақиятли фаолият юритмоқда, мактаб таълими соҳасидаги дастурлар амалга оширилмоқда.

 

Бугун ўтган Ўзбекистон – Финляндия бизнес форумининг якунида умумий қиймати 1 миллиард евродан зиёд истиқболли қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилди.

 

Музокараларда товар айирбошлашни каррасига ошириш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб беришни рағбатлантириш учун Савдони молиялаштириш қўшма жамғармасини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиш учун сертификатлаш лабораторияларини очиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

 

Геология ва муҳим материаллар, энергетика, агросаноат, рақамлаштириш, сунъий интеллект, экология, туризм ва бошқа муҳим тармоқларда кооператсияни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

 

2026-йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш юзасидан келишувларга эришилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

 

Таълим, тиббиёт ҳамда меҳнат мигратсияси соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Келгуси йилда биринчи Ректорлар ва инноватсиялар форумини ўтказиш режалаштирилган.

 

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//