Тошкент вилоятида 5–8-асрларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди

Сақлаш
13:51 / 31.10.2025 15 0

Тошкент вилоятида жойлашган Қанқа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган экспедиция давомида 5–8-асрларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди.

 

Фанлар академияси Тарих институти Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ёдгорликни “Очиқ осмон остидаги музей”га тайёрлаш устида изланишларни давом эттирмоқда.

 

Қанқа қадимий Турон тарихида муҳим ўрин тутувчи йирик шаҳар ёдгорликларидан бири бўлиб, тадқиқотчилар уни “Авесто”да тилга олинган Қанғдеш ва “Шоҳнома”да қайд этилган Турон шоҳи Алп Эр Тўнга шаҳри — Қанғдез билан боғлайди.

 

Тарих институтининг “Ҳарбий тарих маркази” ва “Қадимги дунё тарихи” бўлимлари ходимларидан иборат илмий гуруҳ ёдгорлик аркининг қуйи қисмида жойлашган ибодатхонани ўрганган. Қазишмалар давомида металлдан ишланган жангчи совути бўлаклари топилган.

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қадимда ибодатхоналар жамият маданий ҳаётининг муҳим қисми бўлган. Одамлар бу жойга ўзлари ясаган энг яхши буюм ёки маҳсулотни совға сифатида келтириш анъанаси мавжуд бўлган. Топилган жангчи совути ҳам ана шундай маросим билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

 

Топилмалар туркий халқларнинг ҳарбий маданияти ва дунёқараши ҳақида янги маълумотлар беради. 2021-йилги қазишмаларда ибодатхона кириш қисмида от аслаҳалари топилган бўлса, бу йилги совут қисмлари топилмаси туркий жангчиларнинг ҳарбий анъаналарига алоҳида эътибор қаратилганини тасдиқлайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//