Ўзбекистон Бутунжаҳон уруғ омборига 20 дан ортиқ экин уруғини топширди

Сақлаш
09:46 / 31.10.2025 11 0

Ўзбекистон Норвегияга қарашли Шпитсберген архипелагида жойлашган Бутунжаҳон уруғ омборига 20 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан, тарвуз, қовун, бақлажон уруғларини топширди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

 

Маълум қилинишича, “Қиёмат куни омбори” деб ҳам аталадиган объектга ўзбек деҳқончилигининг бебаҳо мероси бўлган уруғлик намуналари юборилган. Тўпламга қовун, тарвуз, помидор, қалампир, бақлажон, сабзи, пиёз ва бошқа 20 дан ортиқ маҳаллий навлар киритилган. Буғдойнинг “Қайроқтош” нави алоҳида аҳамиятга эга, дея таъкидлайди экспертлар.

 

Материалларни дунёдаги энг йирик ва хавфсиз уруғлик омборига етказиб бериш ташаббуси Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Шимолий генетик ресурслар маркази (NordGen) ҳамкорлигида амалга оширилди.

 

Қайд этилишича, бу жараён республиканинг қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, миллий генофондни мустаҳкамлаш ва халқаро озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида муҳим босқич бўлди.

 

Ўзбекистон глобал уруғ фонд захираларини тўлдирган Марказий Осиёдаги биринчи давлат эмас. Масалан, 2024 йил март ойида Қозоғистон олимлари омборга беда, сули ва бошқа ёввойи ўсимликлар уруғини топширган эди.

 

Шпитсбергендаги Бутунжаҳон уруғ омбори (Қиёмат куни омбори) Арктика абадий музлик зонасида жойлашган бўлиб, Цельсий бўйича 18 даража совуқдаги доимий ҳароратда ишлайдиган глобал ген банкидир.

 

Ҳозир бу ерда бутун дунёдан 1,1 миллиондан ортиқ уруғ намунаси сақланмоқда. Таъкидланишича, бундай тизим табиий офатлар, можаролар, молиявий инқирозлар ёки техник носозликлар туфайли ўсимлик турларининг йўқолиш хавфини камайтиради. Омбор Норвегия ҳукумати, шунингдек, Crop Trust ва NordGen ташкилотлари ўртасидаги уч томонлама келишув асосида бошқарилади.

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//