«19 ноябрни Ҳужжатли мерос халқаро куни, деб эълон қилишни таклиф қиламиз» – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
17:43 / 30.10.2025 7 0

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтаётган ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Давлат раҳбари конференция сўнгги 40 йил ичида илк бор ЮНEСКО Бош қароргоҳидан ташқарида – кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд заминида бўлиб ўтаётганини таъкидлади.

 

Шавкат Мирзиёев Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини, ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле ва барча иштирокчи давлатлар делегацияларига чуқур миннатдорлик изҳор этди.

 

«Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида сайёрамиздаги ноёб ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданий мерос катта зиён кўрмоқда.

 

Давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Бундай мураккаб вазият ЮНEСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштиришни тақозо этмоқда.

 

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан «Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» резолюцияси, (2021 йил), «Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси» ҳамда «Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси» (2023 йил) каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди», деди Президент.

 

Самарқанддаги Бош конференция доирасида юртимизда қатор қўшимча тадбирлар ўтказилади. Жумладан, кўҳна Бухорода илк марта замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтмоқда, пойтахтда ЮНEСКО шафелигида Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази очилади, Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНEСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотининг совриндорларини тақдирланади, музейлар фаолиятида сунъий интеллектнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган халқаро анжуман ташкил этилади, Ўзбекистон олий таълим соҳасидаги квалификацияларни тан олишга оид Глобал конвенцияга ҳам қўшилади.

 

Шавкат Мирзиёев ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ва креатив фикрлайдиган янги авлодни тарбиялаш устувор вазифа эканини айтиб, сунъий интеллектни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида юртимизда ЮНEСКО иштирокида «Сунъий интеллект – мактаб» намунавий лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.

 

«Дунё маънавий хазинасини жамлаган ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19 ноябрни «Ҳужжатли мерос халқаро куни», деб эълон қилишни, шунингдек, ЮНEСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этишни таклиф қиламиз.

 

Маълумки, қадимий Бухоро ҳунармандчилик бўйича ЮНEСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг аъзоси ҳисобланади. Биз ушбу шаҳарда 2027 йили мазкур йўналишда халқаро конгрессни қабул қилишга тайёрмиз» деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//