Ўзбекистон ва Словакия Президентлари музокара ўтказди

Сақлаш
15:09 / 30.10.2025 12 0

 

30-октабр куни Самарқанд шаҳрида UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини музокара ўтказдилар.

 

Ўзбекистон билан Словакия ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.

 

 

Барча даражаларда икки томонлама алмашинувлар ижобий суръат билан давом этаётгани, шунингдек, устувор йўналишларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

 

Жорий йилда сиёсий маслаҳатлашувлар ва Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди. Ишбилармонлик алоқалари фаоллашди. Қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди.

 

Товар айирбошлаш ва инвестицияларнинг ҳажмини ошириш, шунингдек, муҳим тармоқларда саноат кооперацияси лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистондан тўқимачилик, чарм, мева-сабзавот ва бошқа харидоргир маҳсулотлар, Словакиядан каучук, автомобиллар учун бутловчи қисмлар, фармацевтика ва бошқа саноат товарлари етказиб беришни кўпайтиришга келишиб олинди. Шу мақсадда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, савдо уйларини очиш режалаштирилган.

 

Рақамлаштиришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Банкларнинг киберхавфсизлик мониторингини юритиш ва юк ташишларни кузатишнинг илғор тизимларини жорий этиш бўйича қўшма марказ ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

 

Словакия бизнеси билан автомобиль бутловчи қисмлар, тайёр сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

 

Гуманитар ва таълим алмашинувларини фаоллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. 2026 йилда Братислава шаҳрида икки мамлакат ректорларининг биринчи форумини ўтказиш, туризм кўргазмалари ва ўзаро Туризм кунларини ташкил этиш таклиф қилинди. Тартибли меҳнат миграциясини йўлга қўйиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

 

Кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//