Ўзбек, қирғиз ва тожик чегаралари туташ нуқталарига оид қонун лойиҳаси қабул қилинди

Сақлаш
16:40 / 29.10.2025 10 0

Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди.

 

Ушбу шартнома 2025-йил 31-марти Хўжанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўртасидаги олий даражадаги учрашувда имзоланган эди. Унга кўра, уч давлатнинг чегаралари туташган нуқтанинг жойлашуви ҳамда туташган нуқта ҳудудида давлат чегаралари чизиқларининг ўтиши аниқланди.

 

Музокаралардан сўнг президентлар масофадан туриб, уч мамлакат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очиб берганди.

 

28-октябрда бўлиб ўтган мажлисда қайд этилишича, мазкур шартнома уч қардош мамлакатлар ўртасида яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамланишига, бутун Марказий Осиё минтақаси халқаро нуфузининг янада ошишига хизмат қилади.

 

“Бу борада уч мамлакат ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилиши — ўзаро ҳурмат, суверенитет, тенглик тамойилларига асосланган айнан ушбу кўп йиллик машаққатли меҳнат, самимий мулоқот ва ҳамкорлик самарасидир. Айни дамда, ушбу шартнома бутун минтақанинг яқинлашувида ҳам муҳим аҳамият касб этади”, дейилади парламент қуйи палатаси хабарида.

 

Шартнома, шунингдек, уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларнинг жадаллашувига, чегарадош ҳудудлар иқтисодий ҳамкорлигининг кучайишига, чегараолди савдонинг ортишига, чегара ҳудудларда турли инфратузилмавий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга, янги иш ўринларини яратишга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//