Самарқандга ташриф, президентлар билан музокаралар – Шавкат Мирзиёевнинг ҳафталик иш графиги маълум бўлди

Сақлаш
11:15 / 27.10.2025 18 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бошланган иш ҳафтаси ҳар доимгидек муҳим воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда.

 

Шерзод Асадовнинг ёзишича, бугун давлат раҳбари жорий йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказади.

 

Куннинг иккинчи ярмида эса АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегатсияни қабул қилади.

 

Маълумот учун, Ўзбекистон тарихий тадбир – ЮНЕСКО Бош конференсиясининг 43-сессиясини қабул қилмоқда.

 

Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюриб, илк бор Париж шаҳридан ташқарида ўтказилаётган анжуманнинг очилишида иштирок этади. Шунингдек, маданият, илм-фан ва таълим соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни илгари суради ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.

 

Бундан ташқари, жорий ҳафтада Ўзбекистонга Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб ташриф билан келади. Саммитлар доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//