ТИВ Россиядаги фуқароларни огоҳликка чақирмоқда

Сақлаш
11:03 / 27.10.2025 10 0

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиядаги фуқароларимизни қалбаки ҳужжатлардан огоҳлантирди.

 

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг мазкур мамлакатдаги консуллик муассасаларига ўзбекистонликлар томонидан қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш ҳолатлари кузатиляпти.

 

Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг турли хил қалбаки ҳужжатларини тайёрлаб бериш «хизматлари»ни таклиф қилувчи эълонлар «Телеграм» мобил иловасидаги виртуал гуруҳ ва каналларда кенг тарқалмоқда.

 

Масалан, ушбу жиноий гуруҳлар фаолияти натижасида фуқаро Э.М.Р. қалбаки «Ватанга қайтиш гувоҳномаси»ни расмийлаштирган ва Ўзбекистонга чипта олиш жараёнида ҳужжатнинг сохталиги аниқланган.

 

Қозон шаҳридаги Бош консулхонанинг тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур фуқаро ҳуқуқий ҳимояга олинган, яъни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322-моддаси (Россия Федерацияси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) ҳамда 327-моддаси (сохта ҳужжатлар, давлат мукофотлари, штамплар, муҳрлар ёки бланкаларни қалбакилаштириш, тайёрлаш ёки сотиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиши мумкин бўлган. Бироқ бунинг олди олинган.

 

Шунингдек, фуқаро О.Б.Б. ҳам ушбу йўл билан фуқаро Х.М.А. билан тузилган қалбаки никоҳ асосида «никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома»ни расмийлаштирган ва унга асосан Россия Федерацияси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларидан (ФҲДЁ) ўз фарзанди О.М.Б. га «туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома»ни олган.

 

Шу каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда, вазирлик Федерация ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган турли хил «ҳужжат тайёрлаб бериш» ҳақидаги эълонларга алданмаслик, ҳужжатларни расмийлаштиришда фақат Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органларига мурожаат қилишни қатъий тавсия этмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//