“Банкларимиз амалиётида санкция бўйича қатъий позициямиз бор” — Марказий банк раиси

Сақлаш
18:52 / 24.10.2025 8 0

Марказий банк раиси Тимур Ишметов 24-октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россиянинг “Роснефт” ва “Лукойл” нефть компанияларига нисбатан жорий этилган санкцияларнинг Ўзбекистонга эҳтимолий таъсирига изоҳ берди.

 

Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай халқаро санкциялар бевосита ёки билвосита Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилади ва регулятор ўз прогнозларида ушбу хатарларни ҳисобга олади.

 

“Бутун дунёда бўлган ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига бевосита ёки билвосита, озми ёки кўп, кичикми ёки катта, барибир, маълум даврда таъсири бўлади”, — деди Ишметов.

 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқининг сўнгги санкция чоралари, жумладан, нефть маҳсулотларига чекловлар таъсир қилиши эҳтимоли истисно этилмайди. Бироқ, унинг таъкидлашича, бундай етказиб беришлар одатда узоқ муддатли шартномалар асосида амалга оширилади.

 

Унинг таъкидлашича, санкциялар киритилгандан кейин одатда давлатлар ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Санкцияларга алоқаси бўлмаган бўлган мамлакатлар бундай чоралар уларнинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмайдиган шартларга эришади.

 

“Музокараларда санкциялардан мақсад учинчи давлатларга ёки уларнинг халқига зарар етказиш эмаслиги инобатга олинади. Бошқа — учинчи давлатларга таъсир қилмаслиги учун шароит яратиш мақсадида доимий музокаралар ўтказилади. Бунинг шундай тартиби бор. Аминманки, худди шунақа [музокаралар] амалга оширилади. Ният қиламизки, катта эҳтимол билан, хавф унақа юқори бўлмаслиги керак”, — деди у.

 

Тимур Ишметов банк секторида иккиламчи санкциялар хавфини минималлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

 

“Биз иккиламчи санкциялар хавфига тушиш масаласига жудаям жиддий қараймиз. Бир неча йиллар бўлди, шукур, сўнгги икки-уч йилда санксиявий комплаенс ҳам, умуман, банк тизимида сал бўлса ҳам такомиллашди ва доимий такомиллаштирилиб борилади”, — деди у.

 

Марказий банк раисининг эслатишича, регулятор бошиданоқ қатъий позицияни белгилаб олган:

 

“Банкларимиз амалиётларида санкция остидаги товарлар, ташкилотлар ва банклар билан ҳамкорлик қилмаслик, ишламаслик бўйича қатъий позициямиз бор, буни айтганмиз. Буни жамоатчиликка ҳам, банкларнинг ўзига ҳам айтганмиз. Биз буни қатъий назорат қиламиз. Ва, ўйлайманки, айнан шундай ишлашимиз банкларимизнинг бирорта санкцияга тушмаслигига олиб келди. Биз бу йўналишда қатъийликни давом эттирамиз”, — деди у.

 

Ўзбекистон Марказий банки Россия олтинининг реэкспорти билан шуғулланмаслиги ҳақидаги саволга Ишметов қуйидагича жавоб берди.

 

“Умуман ҳақиқатан йироқ бўлган маълумот. Биз ҳеч қачон бошқа давлатлардан олтин сотиб олмаганмиз ва сотиб олиш ниятимиз йўқ. Худога шукур, ўзимизга етарли олтинимиз бор”, деди регулятор раҳбари.

 

Унинг айтишича, бу ҳақдаги мақола The Economist журналида чиққан, кейинроқ мақоладаги хатолик тўғриланган.

 

“Бир неча ой олдин ҳақиқатан ҳам The Economist журналида мақолада шундай маълумот чиқди. Биз уларга расмий мурожаатлар қилиб, бу маълумот қаердан олинганлиги бўйича савол қўйдик, нотўғрилигини кўрсатдик. Улар кейинги сонида шу мақоласида хатолигини тўғрилаб қўйди. Жуда ҳам бир тушунарсиз ҳолат бўлган, нопрофессионализм, бизни ҳайрон қолдирди”, — деди Ишметов.

 

“Умуман ҳақиқатан узоқ, умуман бир бемаъни маълумот. Ҳеч қандай бир бунга қанақадир талаб ёки муҳтожлик йўқ”, — дея қўшимча қилди МБ раиси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//