Канадалик мусиқачи Wizz Air бортига қўйилмаган ўзбекистонлик талаба ҳақида қўшиқ куйлади

Сақлаш
15:24 / 23.10.2025 10 0

 

Дейв Керолл – канадалик қўшиқчи ва бастакор. У 16 йил аввал United Breaks Guitars (United гитараларни синдиради) номли қўшиғи билан авиация соҳасида катта шов-шув кўтарганди.

 

Яқинда Керолл «Donʻt fly Wizness class» номли қўшиқ ва клип чиқарди. Унда Wizz Air авиакомпанияси томонидан 2023 йилда рейсга чиқарилмаган Ўзбекистон фуқароси Суҳроб Убайдуллаев ҳақида ҳикоя қилинади.

 

Кероллнинг бундай мавзудаги аввалги қўшиғи 16 йил олдин ёзилган. Ўшанда «United Airlines» авиакомпанияси унинг 3500 доллар турадиган гитарасини синдириб, товон тўлаб бермаган. Шунда Керолл бу ҳақда қўшиқ ёзиб YouTubeʼга чиқарган ва компанияни шарманда қилиб, унинг 180 миллион доллар зарар кўришига сабабчи бўлган. Кероллнинг қўшиғи жаҳон авиациясида мижозлар билан ишлаш стратегиясининг тубдан ўзгаришига олиб келган.

 

Суҳроб Убайдуллаев эса аввалроқ Кун.узга берган интервьюсида «Ўзбекистон ёзувли паспортим учун рейсга қўйишмади» дея айтиб ўтганди. Воқеа 2023 йилнинг августида содир бўлган. Талаба Work and Travel, яъни «иш ва саёҳат» дастури орқали Европага борган. У Ўзбекистонга қайтишда Рим орқали Абу-Дабига, Абу-Дабидан эса Самарқандга Wizz Air авиакомпанияси самолётида учиши керак бўлган. Римда уни самолётга қўйишмаган ва натижада Суҳробнинг иккинчи чиптаси ҳам куйиб кетган. Нима қилишини билмаган талаба қарз олиб, Туркияга учган ва Истанбулда бир неча кун бошпанасиз қолиб кетган.

 

«Қайтиш билетини Италия орқали олгандим. Ушбу авиакомпания ходимлари мени дискриминация қилишди. Италия ҳудудидан кетаётганимда аллақачон паспортимга давлатдан чиққаним ҳақидаги муҳр урилганди. Авиакомпания ходими эса самолётнинг эшиги олдида менинг қўлимдаги паспортни кўрдида, «сен Ўзбекистон фуқаросимисан?», дея мендан четга ўтишимни сўради. Шу жойнинг ўзида чиптамни бекор қилиб юборишди ва самолётга менсиз учиб кетишни хабар қилишди. Улар қўлимдаги виза, чипталар ва Германия берган ҳужжатларнинг бирортасига қарамади. Фақат паспортимдаги «Ўзбекистон» ёзувини кўриб, мени ушлаб қолди», – деган Суҳроб Убайдуллаев.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//