ОТБ Ўзбекистон мактабларида STEM фанларини ўқитиш учун 100 млн доллар кредит ажратади

Сақлаш
09:31 / 23.10.2025 338 0

 

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ўрта таълим мактабларида фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) фанларини ўқитиш сифатини ошириш учун 100 млн доллар имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

 

«Ўрта таълимда фан, технология, муҳандислик ва математика» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон бўйлаб 200 та умумий ўрта таълим мактаби ўқув муҳити янгиланиб, қўшни мактаблар учун ресурс марказига айлантирилиши кутилмоқда. Бу янгиланишлар замонавий лабораториялар, АКТ инфратузилмаси, қуёш энергияси тизимлари ва имконияти чекланган ўқувчилар учун инклюзив шароитларни ўз ичига олади.

 

Лойиҳада, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб олтита STEM фани бўйича ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда фанлараро СТEМ таълимни тарғиб қилиш режалаштирилмоқда. Қизларни STEM соҳасидаги касбларга йўналтириш учун тарғибот кампаниялари ва махсус касб-ҳунарга йўналтириш ташаббуслари ҳам кўзда тутилган.

 

Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлайди, ОТБнинг 2030 йилгача бўлган стратегиясининг рақамли трансформация, гендер тенглиги ва иқлим барқарорлиги сингари устувор йўналишларига мос келади. У ОТБнинг мамлакатда таълим ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ташаббусларини, шу жумладан, «яшил» иқтисодиёт учун касбий таълимга йўналтирилган келгусидаги инвестицияларни тўлдиради.

 

Лойиҳа Ўзбекистон ёшларини барқарор ва инклюзив ўсиш учун зарур бўлган замонавий, инновацион кўникмалар билан таъминлашга қаратилган бўлиб, бу мамлакатга 2030 йилга келиб даромади ўртачадан юқори мамлакатлар қаторидан жой олиш мақсадини рўёбга чиқариш имконини беради. ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Араянинг сўзларига кўра, STEM таълимини кучайтириш мамлакатга янада инклюзив, барқарор ва рақобатбардош келажак учун замин яратишда ёрдам беради.

 

Ўтган ҳафтада ОТБ Ўзбекистонга давлат сектори самарадорлигини ошириш, давлат корхоналари бошқарувини модернизация қилиш ва ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик кўришга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.

 

Жорий йилда ОТБ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги нишонланмоқда. Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда ОТБга аъзо бўлганидан буён банк мамлакатга давлат сектори кредитлари, грантлари ва техник ёрдам кўринишида жами 14,6 млрд доллар миқдорида маблағ ажратди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//