Ўзбекистон тўққиз ойда 9,9 млрд долларлик рекорд даражадаги олтин сотди

Сақлаш
17:49 / 22.10.2025 8 0

Жорий йил январь—сентябрь ойларида Ўзбекистон 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилди (2024-йил мос давридагидан 70,9 фоизга кўп). Бу ўтган даврларда йиллик қийматда ҳам кузатилмаган тарихий максимум ҳисобланади.

 

Статистика қўмитаси шарҳига кўра, олтиндан даромадлар мамлакатнинг тўққиз ойлик экспорт тушумларидан (26,7 млрд доллар) 37,1 фозини ташкил этган.

 

Таққослаш учун, 2024-йил мос даврида хорижга 5,8 млрд долларлик қимматбаҳо металл сотилган. Мазкур кўрсаткич республика экспорт тушумларининг 28,9 фоизига тенг бўлган.

 

Ўзбекистон 2023-йилда аввалги йиллардагидан кескин юқори қийматда, 8,1 млрд долларлик олтин экспорт қилганди. Масалан, 2021 ва 2022-йиллардаги олтин сотувлари қиймати 4,1 млрд доллардан (ҳар бир йилга) тўғри келган.

 

Республика 2018-йилда 2,9 млрд, 2019-йилда 4,9 млрд, 2020-йилда 5,8 млрд долларлик қимматбаҳо металл экспорт қилган.

 

Жорий йил 2025-йил 1-октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қиймати 55 млрд долларга етган. Бу тарихий рақам бўлиб, аввал бундай юқори кўрсаткич қайд этилмаган. Захираларнинг 44,2 млрд доллари олтин ҳиссасига тўғри келади (августда 40 млрд доллар эди). Қолгани хорижий валюта ва қимматли қоғозлардаги активлардир.

 

Олтин захирасининг қиймати бу қадар юқори даражада ортиши қимматбаҳо металл нархи кескин кўтарилиб бориши билан изоҳланади. Блоомберг маълумотларига кўра, 2025-йил бошидан буён бир унсия олтин (31,1 грамм) нархи деярли 50 фоизга ошган. Таққослаш учун, 1-январда олтиннинг унсияси 2,6 минг доллардан сотилган бўлса, 7-октябрь куни бу нарх 4 минг доллардан ошди.

 

Ўзбекистон олтин захиралари қиймати ортса-да, ҳажми қисқармоқда. Масалан, жорий йил 1-октябрда захирадаги олтин қолдиғи 11,6 млн унсияни (409,1 минг тонна) ташкил этган. Август ойида бу кўрсаткич 11,8 млн (416,2 минг тонна) унсия, сентябрь бошида 12,3 млн унсия (433,8 млн тонна) бўлган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//