Энди давлат органларига маълумотларни ўз серверларида сақлаш тақиқланади

Сақлаш
15:33 / 22.10.2025 8 0

Ўзбекистонда вазирлик ва идораларнинг барча маълумотлари ягона дата-марказига ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

 

Президент сўнгги йилларда барча вазирлик ва идораларда иш жараёнлари ва маълумотларни рақамлаштириш бўйича анча иш қилингани қайд этди. Рақамли ҳукумат платформаси орқали давлат органлари ўртасида инсон омилисиз маълумотларнинг алмашинуви йўлга қўйилди. Стартапларга ўзининг дастурий маҳсулотини Рақамли ҳукумат платформасига интеграция қилиб, ундаги маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилди.

 

“Лекин сунъий интеллектни жадал ривожлантириш учун буларнинг ўзи етарли эмас”, деди давлат раҳбари.

 

Вазирлик ва идоралардаги маълумотлар ҳар хил серверларда тарқоқ сақланаётгани, уларнинг форматлари турлича бўлгани учун ҳам ишлар суст кетаётгани айтилди.

 

“Бир нарсани билинглар, маълумот етарли бўлмаса, сунъий интеллект кутилган натижани бермайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

 

Шу боис, рақамли технологиялар вазирига йил якунига қадар вазирлик ва идоралардаги 55 та, келаси йил қолган барча маълумотлар базаларини Электрон ҳукумат ягона дата-марказига ўтказиш топширилди. Бундан буён вазирлик ва идоралар маълумотларни ўз серверларида сақлашига йўл қўйилмайди.

 

2026 йил якунига қадар катта ҳажмдаги рақамли маълумотларни бир жойга жамлаб, уларни қайта ишлаш, таҳлил қилиш, фойдаланиш имконини берадиган Data Lake платформаси ҳам ишга туширилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//