Ўзбекистонда илк марта “Ўзбек тилидаги спорт атамаларининг изоҳли луғати” чоп этилди

Сақлаш
13:21 / 22.10.2025 10 0

Ўзбекистонда биринчи марта “Ўзбек тилидаги спорт атамаларининг изоҳли луғати” нашр этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

 

Луғат Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида тайёрланган. Лойиҳага филология ва спорт соҳасининг етакчи мутахассислари жалб этилган.

 

Луғатда Ўзбекистонда оммалашган 20 га яқин спорт турига оид минглаб атамалар илмий асосда изоҳланган. Жумладан, футбол, шахмат, бокс, таэквондо, карате, бадиий гимнастика, қиличбозлик, енгил ва оғир атлетика, от спорти каби соҳалар қамраб олинган.

 

Таъкидланишича, мазкур луғат ўзбек тилида спорт атамаларининг тизимлашган, илмий асосланган ва аниқ изоҳланган биринчи мукаммал нашри саналади. Унда нафақат спорт, балки спорт тарихига оид атамалар, спорт анжомлари, федерация ва ташкилотлар номлари ҳам қамраб олинган.

 

“Ушбу луғат спорт мутахассислари, Жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари, спорт журналистлари, тилшунос олимлар, докторант ва магистрлар, шунингдек, спорт атамалари билан ишловчи барча учун қимматли қўлланма бўлиб хизмат қилади”, — деди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Мухлиса Собирова.

 

Луғатнинг босма нашри билан бир қаторда унинг замонавий рақамли шакллари ҳам яратилди. Фойдаланувчилар учун www.sportatamalari.uz веб сайти ва “Спорт атамалари” номли мобил илова ишлаб чиқилиб, интернет тармоғига жойлаштирилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//