Сунъий интеллект орқали кучли зилзилаларни прогноз қилиш йўлга қўйилади

Сақлаш
09:43 / 22.10.2025 10 0

“Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

 

Фармонни қабул қилишдан кўзланган устувор йўналишлардан бири — маданий мерос объектлари ва транспорт иншоотларининг зилзилабардошлигини мониторинг қилиш тизимини яратиш.

 

Бундан ташқари, сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини рақамлаштириш ва унга сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш ва қурилиш майдонлари учун замин грунтларини ўрганиш ва уларнинг мустаҳкамлигини ошириш чораларини кўриш ҳам режалаштирилган.

 

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб республикадаги “А-373” ва “М-39” автомобиль йўлларида ҳамда уларга туташ тоғли ҳудудлардан ўтган темирйўлларда кўчки содир бўлиши эҳтимоли юқори ҳудудларнинг доимий радиолокацион космик мониторинги ташкиллаштирилади.

 

Шу муддатдан сунъий интеллект ёрдамида сейсмик хавф юқори бўлган ҳудудларда кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатларда прогноз қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Дастлабки босқичда сунъий интеллект ёрдамида кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатда прогноз қилиш Тошкент шаҳри мисолида ташкил этилади.

 

2026 йил 1 январдан, шунингдек, тарихий ва маданий мерос объектларининг зилзилабардошлигини мониторинг қилиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Дастлабки босқичда мониторинг мамлакатнинг туризм салоҳиятини кўрсатиб берувчи маданий мерос объектлари, шу жумладан, Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси, Бухоро шаҳридаги Дарвозахона (Арк мажмуаси), Хива шаҳрининг Ичан-қалъа мажмуасида амалга оширилади.

 

2026 йил 1 мартдан бошлаб бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлик бўйича техник ҳолати сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади. Республикада йиллар давомида содир бўлган зилзила ёзувларини (очиқ катта ҳажмдаги маълумотларни) сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали келажакда зилзила бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлаш ҳамда зилзиланинг бино ва иншоотларга таъсирини баҳолаш амалиёти йўлга қўйилади.

 

Автомобиль ва темирйўл кўприклари ҳамда ерости ва ерусти туннелларининг зилзилабардошлигини онлайн мониторинг қилиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Онлайн мониторинг ТранспортСейсмика платформаси орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан юритилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//