Касаба уюшмалари ва маҳаллалар ҳамкорликда ишлайдиган тизим яратилади

Сақлаш
12:55 / 17.10.2025 80 0

Бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашуви ўтказди. Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлаб, соҳа вакиллари билан мулоқот қилди.

 

Таъкидланишича, имконият ва шароит яратиб берилгани туфайли бугунги кунда 6 миллионга яқин аҳоли ўзини ўзи банд қилиб, рўзғор тебратмоқда.

 

Масалан, ҳозирги вақтда одамлар дастурчи, веб-дизайнер, ҳунарманд, такси ҳайдовчиси, курьер каби ўнлаб касбларда платформали бандлик асосида ишламоқда. Кўплаб фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар масофадан туриб меҳнат қилишни ўрганди. Маҳаллаларни “драйвер” соҳаларга ихтисослаштириш ҳисобидан 1,5 миллион оила ўз хонадонида ишлаб, даромад олмоқда.

 

Бугун ушбу йўналишлар иқтисодий тараққиётимизнинг бир қисмига, уларда фаолият юритаётган одамлар эса меҳнат муносабатларининг тенг ҳуқуқли субъектига айланмоқда.

 

Энди касаба уюшмалари ҳам маҳаллалар билан яқиндан ишлайдиган самарали тизимни йўлга қўйиш таклиф қилинди.

 

Бандлик вазирлигига касаба уюшмалари билан биргаликда платформаларда фаолият юритаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, хавфсизлигини суғурталаш бўйича асосланган таклифларни Ҳукуматга киритиш топширилди.

 

Сўнгги беш йилда улар томонидан корхона ва ташкилотларда 152 мингта қонун бузилиши аниқланган. Аслида, бундай ҳолатлар анча кўплиги, судлар томонидан уч йилда 48 мингдан зиёд меҳнат низолари кўриб чиқилгани қайд этилди.

 

Касаба уюшмалари яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатида иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

 

Шу билан бирга, иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Масалан, бахтсиз ҳодисалар ҳисоби ва уларнинг сабабини ўрганиш ўттиз йил олдин қабул қилинган ҳукумат қароридаги эскирган нормалар асосида қоғозда юритилмоқда.

 

Масъул вазирларга касаба уюшмалари билан бирга бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга тушириш ҳамда бундай ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва унга ечим топиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//