Саудия Арабистони Ҳаж–2026 мавсуми учун янги тартиб жорий этди

Сақлаш
09:23 / 17.10.2025 13 0

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг хабар беришича, Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги “Ҳаж – 2026” мавсуми учун янги тартибни жорий этди.

 

Унга кўра, 2026-йилги Ҳаж сафарига борувчи ҳар бир зиёратчига “Нусук” платформаси орқали олинган тиббий соғломлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилган тақдирда ҳаж визаси расмийлаштирилади. Мазкур тартиб ҳаж зиёратчиларининг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга қаратилган.

 

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли идораларга зиёратчиларни синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ҳаж сафарига боришга жисмоний имконияти чекланган шахсларни аниқлаш мажбуриятини юклади.

 

Ҳаж – 2026 мавсумида қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчиларга ҳаж сафарини амалга оширишга рухсат берилмайди:

 

– диализ талаб қилувчи буйрак етишмовчилиги;

– минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;

– доимий ёки даврий тарзда кислороддан фойдаланишни талаб этувчи сурункали ўпка касалликлари;

– жигар етишмовчилиги белгилари билан кечувчи оғир жигар циррози;

– оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;

– кексалик деменцияси;

– ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойлиги ҳамда юқори хавфга эга ҳомиладорлик ҳолатлари;

– фаол юқумли касалликлар (жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва бошқалар);

– кимётерапия ёки иммунитетни сусайтирувчи муолажалардан ўтаётган фаол онкологик касалликлар.

 

Шунингдек, Ҳаж вазирлиги томонидан тиббий кўрикдан ўтмасдан ёки сохта маълумот тақдим этган ҳолатлар аниқланса, белгиланган тартибда чоралар кўрилиши маълум қилинган.

 

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши зиёратчиларни ушбу талабларга тўлиқ амал қилишга чақирди ҳамда ушбу талаблар ҳаж иштирокчиларининг ҳаётини ва саломатлигини сақлашга қаратилганини маълум қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//