ЖССТ болалар ўлимига сабаб бўлаётган Ҳиндистон сироплари ҳақида огоҳлантирди

Сақлаш
09:55 / 16.10.2025 8 0

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда аниқланган хавфли суюқ дори воситалари ҳақида огоҳлантирди.

 

Ҳиндистоннинг дори стандартларини назорат қилиш бўйича марказий ташкилоти ЖССТга камида учта суюқ дори воситасида диэтиленгликол (техник спирт) мавжудлигини маълум қилди. Уларни қабул қилиш оқибатида мамлакатда камида 17 бола ҳалок бўлган эди.

 

Маълум бўлишича, Sresan Pharmaceutical, Rednex Pharmaceuticals ва Shape Pharma томонидан ишлаб чиқарилган Coldrif, Respifresh TR ва ReLife каби препаратларнинг баъзи партиялари хавф туғдиради.

 

Ҳиндистон давлат органлари ушбу дори воситаларини ишлаб чиқаришни зудлик билан тўхтатиш тўғрисида буйруқ берган ва уларга берилган рухсатномаларни қайтариб олган.

 

Ҳиндистон касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш комиссияси ЖССТга юқоридаги дориларнинг ҳеч бири мамлакатдан экспорт қилинмагани ва ҳозир ноқонуний экспорт ҳақида маълумот йўқлигини маълум қилди. Шунга қарамай, ЖССТ ушбу сифатсиз маҳсулотлар таъсир қилиши мумкин бўлган мамлакатлар ва минтақаларда таъминот занжирларини назорат қилиш ва текширишни кучайтиришни тавсия қилди. Шунингдек, бозор устидан назоратни кучайтириш бўйича маслаҳат берилди.

 

Миллий тартибга солувчи органлар, соғлиқни сақлаш органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ушбу маҳсулотлар ўз мамлакатида аниқланган тақдирда дарҳол ЖССТни хабардор қилиш тавсия этилади.

 

Октабр ойи бошида Ҳиндистонда полиция Мадхя-Прадеш штатида 17 нафар беш ёшгача бўлган болалар вафот этганидан сўнг Coldrif йўтал сиропи ишлаб чиқарувчи Sresan Pharmaceutical фармацевтика компанияси эгасини ҳибсга олди.

 

2022-2023 йилларда Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компаниясининг йўталга қарши «Док-1 Макс» сиропини қабул қилгандан сўнг, 68 нафар бола ўткир буйрак етишмовчилигидан вафот этган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//