Президент: “Ўзбекистон Шарқ, Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айланади”

Сақлаш
19:47 / 15.10.2025 12 0

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур улкан мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

 

Ҳозирга келиб Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга ошди. 2030-йилга бориб, 15 миллионга етади. Шунга мувофиқ, транспорт инфратузилмасининг барча йўналишлари мутаносиб ривожлантирилмоқда. Айниқса, авиация соҳасида янги экотизимни шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти.

 

Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди. Энг муҳими, соҳада рақобат муҳити яратилгани сабабли 15 та янги авиакомпания пайдо бўлди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етди.

 

Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Полша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида келгусида ҳам транспорт инфратузилмаси жадал ривожлантирилишини таъкидлади.

 

Жумладан, келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.

 

– Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Янги халқаро аэропорт қурилиши бунга катта замин бўлиши қайд этилди.

 

Таҳлилларга кўра, сўнгги саккиз йилда пойтахтга авиа йўловчилар оқими 3 карра ошиб, йилига 9 миллионга етди. 2040-йилга бориб, 24 миллиондан ошади. Лекин йилига 11 миллион одамга хизмат кўрсатадиган ҳозирги аэропорт шаҳар ҳудудида жойлашгани учун уни кенгайтиришнинг имконияти йўқ. Шу боис, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.

 

Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Sojitz” ва Кореянинг “Inhceon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа 4 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.

 

Ушбу аэропорт авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг талабларига тўлиқ жавоб беради.

 

Энг илғор аэронавигация ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимлари ўрнатилиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш мумкин бўлади.

 

Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳа “яшил” стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлади. Терминалларда 46 минг квадрат метрлик “Duty free” зонаси ташкил этилади.

 

Янги аэропортни қуриш орқали мултимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.

 

Энг асосийси, янги аэропорт иқтисодий жиҳатдан ҳам давлат учун жозибадор бўлиб, бу лойиҳа мамлакатимизга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Юртимизда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларининг янада ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига ҳисса қўшади.

 

Президент Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//