Энди дори воситалари ноқонуний сотилиши бўйича жарималар икки баравар оширилади

Сақлаш
17:42 / 15.10.2025 11 0

Ўзбекистонда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жарималарни оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси 14 октябрь куни депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

 

Мажлисда қайд этилишича, сўнгги йилларда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи, уларни қонунга хилоф равишда реализация қилиш ва инсон ҳаёти учун хавфли оқибатларга сабаб бўлаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Амалдаги Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бундай ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жазо чораларининг номутаносиблиги ҳамда бугунги кунда профилактик самараси пастлиги ушбу турдаги ҳуқуқбузарликнинг ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

 

“Рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланиши фуқароларда турли оғирликдаги заҳарланиш ва ўлим ҳолатларини келтириб чиқаради. Статистик маълумотларга кўра, 2021- ва 2023 йилларда дори воситаларидан заҳарланган шахслар сони 18 минг нафардан ошган. Шундан 177 нафарда ўлим ҳолати кузатилган”, деди мажлисга сўзга чиққан Қонунчилик палатаси депутати Тоҳир Полвонов.

 

Таҳлилларга кўра, 2022–2025 йиллар давомида 18 миллиард сўмлик 285 минг дона дори воситаси ноқонуний айланмадан олиб қўйилган. Биргина, 2024 йилда бундай ҳолатлар 2022 йилга нисбатан уч бараварга кўпайган.

 

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тегишли жазо чораларига қуйидаги ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда:

 

  • таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача  (20,6 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача)ошириш;

 

  • таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини 100 бараваридан 200 бараваригача (41,2 млн сўмдан  82,4 млн сўмгача)ошириш.

 

Бундан ташқари, Жиноят кодексида белгиланган тегишли жазо чораларига қуйидаги ўзгартиришни киритиш таклиф этилмоқда: таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин кўп миқдорда содир этилган тақдирда, БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача (82,4 млн сўмдан 123,6 млн сўмгача) қилиб белгилаш.

 

Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларини реализация қилиш талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//