Ўзбекистонлик 3,5 минг нафар ўрта тиббиёт ходими Италияга ишга юборилади

Сақлаш
14:17 / 15.10.2025 10 0

Ўзбекистондаги ўрта тиббиёт ходимларининг 3,5 минг нафари 2026 йилда Италияга ишга жойлаштирилади. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, агентлик ташаббуси билан амалга оширилаётган пилот лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Италия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва тиббиёт соҳаси мутахассисларига Европа давлатларида қонуний ҳамда хавфсиз меҳнат фаолиятини таъминлашни мақсад қилинган.

 

Май ойида Италия бош вазири Жоржия Мелони Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Миграция ва мобиллик тўғрисидаги Англашув меморандуми имзоланган эди. Июль ойида эса Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестиция форумида иштирок этган Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана билан учрашуви чоғида, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида шерикликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилганди.

 

Мазкур келишувларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Миграция агентлиги раҳбарияти Италияга хизмат сафари чоғида Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана, Италия Соғлиқни сақлаш вазири Гвидо Бертолазо ҳамда бир қатор идора ва компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар якунида меҳнат миграцияси бўйича беш йиллик ҳамкорлик режаси тузилди. Унга мувофиқ, 2026 йилда 3,5 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари тайёрланиши режалаштирилган.

 

Пилот лойиҳа доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан танлаб олинган 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари тилга тайёргарликсиз синов тариқасида юқори маошли 3 ойлик иш фаолиятини Италияда бошлади. Улар иш жараёнида итальян тилини ўрганиш ҳамда маҳаллий тиббиёт тизимига мослашиш имкониятларини ўрганади.

 

Пилот дастурнинг асосий мақсади — Ўзбекистон ва Италия тиббиёт тизимлари ўртасидаги фарқларни таҳлил қилиш, иш усулларини таққослаш ва келгусида самарали интеграцияни таъминлашдан иборат.

 

Италиялик мутахассислар ҳам ўз навбатида ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини малакасини баҳолайди. Синов тариқасида юборилган илк гуруҳ Ўзбекистонга қайтганидан сўнг, касб хусусиятидан келиб чиқиб, ҳамкорликда махсус ўқув дастури ишлаб чиқилади ва кейинчалик Италияда ишлаш истагини билдирган 3,5 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари шу дастур асосида Ўзбекистонда ўқитилиб, Италияга ишга жойлаштирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//