Ўзбекистонлик ёшларга тил ўрганиш учун субсидия ажратилади

Сақлаш
10:15 / 10.10.2025 33 0

Ўзбекистонлик ёшларга тил ўрганиш учун “2+6” дастури асосида субсидиялар ажратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

 

8 октябрь куни ҳукуматнинг тегишли қарори билан “Ёшларнинг ўқув марказларида хорижий тилларни ўқиш харажатлари бир қисми учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

 

Низомга кўра, “2+6” дастури доирасида субсидия ажратилиши учун ариза берувчи қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

 

– белгиланган хорижий тилларни билиш бўйича балл ёки даражанинг камида минимал кўрсаткичли сертификатига эга бўлиши;

– ўқув маркази томонидан кўрсатилган хизмат учун дастлабки 2 ойлик ўқиш харажатини ўз ҳисобидан тўлаган бўлиши.

 

Юқоридаги талаблар бажарилган тақдирда, кейинги 6 ойгача ўқиш харажати учун Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади.

 

Дастурга мувофиқ, ҳар ой якуни бўйича қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

 

– Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 2 бараваригача (824 минг сўм);

– Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида — БҲМнинг 1,5 бараваригача (618 минг сўм);

– туман ёки шаҳарларда — БҲМнинг 1 бараваригача (412 минг сўм).

 

Агентлик 2025−2026 йилларда ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган 20 минг нафаргача, 2031 йилга қадар ҳар йили 20 минг нафаргача ёшларга ўқиш харажатлари учун субсидия ажратади.

 

Бунда тегишли йилда субсидия ажратилган ёшлар сони 20 минг нафардан ошган тақдирда, ўша йил учун субсидия ажратиш кейинги йилга қадар тўхтатилади.

 

Шунингдек, “2+6” дастури доирасида субсидия ажратилиши учун ариза берувчи тил ўрганган ўқув марказига қуйидаги талаблар қўйилади:

 

– ўқув марказларининг рейтингини шакллантириш учун белгиланган тартибда электрон платформа орқали рўйхатдан ўтганлик;

– ариза берувчиларнинг ўқув машғулотларида қатнашганини кунлик электрон назорат қилиш имконини берувчи электрон платформага интеграция қилинганлик.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//